Наманганда очиқ қолган машинадан пул ўмарган шахс қўлга олинди

0

Тўрақўрғон тумани «Бирлашган» маҳалласида яшовчи фуқаро 2022 йил 30 июнь куни туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, Damas’ни яшаш уйи олдида қаровсиз қолдирганидан фойдаланган номаълум шахс, автомашина ойнасини очиб, салонда бўлган 1 500 000 сўм пулларини ўғирлаб кетганини маълум қилиб, чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ЭКГ томонидан автомашинани кўздан кечириш давомида, 3 дона қўл бармоқ излари олиниб, вилоят ИИБ ЭКМда мавжуд бўлган Автоматлаштирилган дактилоскопик таққослаш тизими орқали текширилди.

Ушбу қўл бармоқ изларининг 2 донаси, бир шахсга тегишли экани тасдиқланиб, унинг ўнг қўл ўрта ва номсиз бармоқларига мос келгани аниқланди. Туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни содир этган шахсдан далилий ашё олинган.

Ушбу ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.