Аслида воқеа…

0

Бир неча кундан буён кун мавзусига айланган «Қорақалпоғистон воқеалари» ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг диққат марказида бўлиб турди.
Илк расмий баёнотлардан бирини ИИВ вазирлиги берди. Унга кўра, «жорий йилнинг 1 июль куни соат тахминан 15.00 лардан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар, республикамизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилишлари оқибатида, кутилмаганда кўча юришларини ташкил қилиб, Нукуснинг Марказий деҳқон бозорида тўпланиб, намойишлар уюштиришган.

Мазкур ҳолат юзасидан, жамоат тартибини бузилишини олдини олиш ҳамда фуқаролар томонидан турли тартиббузарликларни содир этишларига йўл қўймаслик мақсадида, деҳқон бозори ҳудудига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг куч ва воситалари жалб этилган» лиги хабарда айтилган.

Шундан сўнг Олий Ҳокимият ҳам ҳолат юзасидан баёнот берди: «Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган очиқлик ва хоҳиш-иродани эркин ифода қилиш сиёсатига қарамай, 2022 йил 1 июль куни Нукус шаҳрида бир гуруҳ жиноятчи шахслар Қорақалпоғистон Республикасининг давлат бошқаруви органларини эгаллашга уринишда ифодаланган ғайриқонуний ҳаракатларни ташкил этди.

Популистик шиорларни ниқоб қилиб олиб, фуқароларнинг онги ва ишончини манипуляция қилиб, тартибсизликлар ташкилотчилари ҳокимият вакилларининг қонуний талабаларига бўйсунмай, республика фуқароларини Қорақалпоғистон Республикасининг маъмурий бинолари олдидаги майдонга йиғдилар.

Иғвогарлар йиғилган фуқароларга таянган ҳолда ушбу давлат муассасаларини эгаллаб олишга ва шу орқали жамиятда ихтилоф келтириб чиқариш, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлигини издан чиқаришга уриндилар.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қабул қилинган қатъий чоралар билан ташаббускорларнинг ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлари тўхтатилиб, оммавий тартибсизлик уюштиришга уринишлар тарқалишига чек қўйилди.»

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрига келди ва давлат раҳбари Жўқорғи Кенгес депутатлари, Қорақалпоғистон фахрийлари ва фаоллари билан учрашув ўтказди. Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳолатни барқарорлаштириш мақсадида тегишли фармонни имзолади. Унга кўра,фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни тиклаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022 йил 3 июль куни соат 00:01 дан 2022 йил 2 август куни соат 00:00 га қадар бўлган даврда фавқулодда ҳолат жорий этилди.

Сўнгра Президент Тошкентга қайтиб келди, аммо шу заҳоти яна Нукус шаҳрига жўнаб кетди.

3 июль куни, тонгда видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, барча туманлар билан мулоқот қилинди. Туман ҳокимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди. Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2 июль кунидаги мурожаатидан кейин вазият барқарорлашган.

Маълумки, 2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этилган эди. Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудининг коменданти ушбу ҳолат бўйича ахборот бериб, вазият тўлиқ назоратга олинганини таъкидлади.

Шундан сўнг, давлат раҳбари Нукус шаҳридаги Жекетерак маҳалласида бўлиб, халқ билан мулоқот қилди.

Жекетераклик ёшуллилар кўнгилсиз воқеаларда баъзи ёшлар адашгани ва қонунга зид ҳаракатлар содир этгани, ташқи ғаразли кучлар таъсирига тушиб, ҳис-ҳаяжонга берилганини афсус билан айтишди. Ўзбеклар ва қорақалпоқлар икки тилли бир эл эканини, мамлакатимиз бирлиги ва тинчлигини қадрига етиш кераклигини таъкидлашди.

Орадан бироз вақт ўтиб, Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида депутатлар, фахрий ва фаоллар билан учрашув ўтказди. Давлатимиз раҳбари ватандошларимиз ва Жўқорғи Кенгес депутатларига мурожаат қилди.

«Бугун мен Ватанимизнинг тақдири ва келажагига, қутлуғ заминимиздаги тинчлик ва барқарорликка бефарқ бўлмаган барча инсонларга мурожаат қилмоқчиман.

Қорақалпоғистон Республикасида содир этилган ташвишли воқеаларни ҳар биримиз, барча Ўзбекистон фуқаролари юрагимизда чуқур дард ва изтироб билан қабул қилмоқдамиз.

Маълумки, шу кунларда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича умумхалқ муҳокамаси давом этмоқда.

Шавкат Мирзиёев: «Минг афсуски, тинч аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари орасида қурбонлар бор».

«Илгари хабар қилинганидек, бир гуруҳ шахслар 2022 йил 1 июль куни Нукус шаҳрида сохта шиорларни ўзига ниқоб қилиб олган ҳолда, фуқароларнинг ишончига кириб, уларнинг фикрини чалғитиб, ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, тартибсизликлар келтириб чиқарди, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари биноларини эгаллаб олишга уринди.

Улар 2022 йил 2 июль куни жамоат тартибини бузишга қаратилган ҳаракатларни тўхтатиш ҳақидаги талабларга қулоқ солмасдан, республиканинг маъмурий марказидаги асосий кўчаларда бузғунчи ҳаракатларни давом эттирди.

Бундан ташқари, тартибсизликларда қатнашган айрим кимсалар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан тўқнашувларни келтириб чиқаришга, қўриқланадиган ҳудудларга зўравонлик билан бостириб киришга уринди, биноларга тош ва турли буюмлар отишди.

Шаҳар бўйлаб юриш давомида улар инфратузилма объектларига сезиларли даражада зарар етказишди. Биноларнинг ойналарини синдириб, ёнғинлар содир этишди. Бир нечта гуруҳлар қурол-яроғларни қўлга киритиш мақсадида Нукус шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва Миллий гвардия бошқармаси биноларини эгаллашга уринишди.

Ушбу кимсалар сон жиҳатига кўра нисбий устунликдан фойдаланиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига ҳужум қилишди, уларни аёвсиз калтаклаб, оғир тан жароҳатлари етказишди.

Минг афсуски, тинч аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари орасида қурбонлар бор».

Шунингдек Президент, айирмачиликка, оммавий тартибсизликларга, ҳокимият органларига зўравонлик йўли билан қаршилик кўрсатишга даъват этадиган ҳар қандай ҳаракатларга амалдаги қонунчиликка мувофиқ кескин чора кўрилиб, айбдорлар эса муқаррар жазога тортилишини айтиб ўтди.

Ўзбекистон Миллий гвардияси ахборот хизмати раҳбари Даврон Жуманазаров АОКАда бўлиб ўтган махсус брифингда Нукусда вазият барқарорлашганлигини ҳамда ҳаёт ўз маромига қайтганини маълум қилди.

Жўқорғи Кенгесдаги учрашувдан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Нукус туманидаги “Саманбай” овул фуқаролар йиғинига бориб, бир гуруҳ ёшуллилар ва маҳалла фаоллари билан учрашди. Тинчлик ва ҳамжиҳатликни қадрига етиш ва асраб-авайлаш, биргаликда фаровон келажагимизни барпо этиш хусусида суҳбатлашилди.