Археологик ёдгорликка зарар етказганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

0

Уйчи туманидаги археологик ёдгорликка ҳокимлик қарори билан катта зарар етказилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 846-қарорига асосан маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган республика тоифасидаги Уйчи тумани, «Пастгузар» МФЙ, Беруний кўчасида жойлашган «Уйчи манзилгоҳи (БТ-3)» археологик ёдгорлик бўлишига қарамай, туман ҳокимининг 2019 йил 6 апрелдаги 1473-сонли қарорига асосан фуқаро Т. Д. га тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ноқонуний тарзда бериб юборилган.

Жорий йилнинг апрель ойида Т. Д. мазкур тепаликни узунасига 53 метр, энига 40 метр, баландлиги 16 метр, жами 0.21,4 гектар майдонини техника ёрдамида кавлаб, маданий мерос объектини бузиб, катта миқдорда зарар етказган.

Наманган вилояти Маданий мерос бошқармаси томонидан ҳолат ўрганилиб, тўпланган ҳужжатлар Наманган вилояти прокуратурасига қонуний чора кўриш учун юборилди. Мазкур ҳолат юзасидан Наманган вилоят прокуратураси томонидан Уйчи туман ҳокимлиги мансабдор шахслари ҳамда МЧЖ раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақида Маданий мерос агентлиги хабар бермоқда.