«Сохта журналист”нинг кирдикорлари фош бўлди

0

Сурхондарёда «сохта журналист” аниқланди. Бу ҳақда «Янги давр» дастурида хабар берилди.

Маълум қилинишича, «журналист» ўзини Республикадаги етакчи телеканаллар мухбири сифатида таништириб шантаж йўли билан пул олиб юрган.

Жумладан, Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармалари томонидан тезкор тадбирда Денов туманидаги «Ниҳол студио» журналисти бўлган аёл «Агар пул берсангиз, сизни мақтайман. Бермасангиз, танқид қиламан» деб, тадбиркорларни қўрқитиб юргани аниқланган. У мақтовга оид лавҳанинг ҳар бир дақиқасини 200 минг сўм этиб белгилаган.

«Кўрсатувнинг эфир ҳақи учун пул сўраганман. Лавҳа ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинган. Иш бошлаганимга 2-3 ой бўлиб қолди. Маълумотим олий», — дейди «журналист».

Шунингдек, у тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари, мактабгача таълим ташкилотлари ва кўплаб идоралар фаолиятини тасвирга олиб, танқидий лавҳалар тайёрлаган. Ижтимоий тармоқлар ва телевидение орқали кўрсатиш билан пўписа қилиб, агар келишилган пул берилса, тасвирларни ўчириб ташлаш билан товламачилик қилиб юргани айтилган.