Бағром аэродроми ҳужумга учради

0

Кобулдан 60 км шимолда жойлашган Бағром аэродроми «Толибон» ҳаракатига қарши курашаётган Афғонистон озодлик фронти жангчилари томонидан ҳужумга учради. Бу ҳақда Aamaj News агентлиги хабар берди.

«Бугун (5 июль) фронт Парвон вилоятидаги Бағром аэродромига ракета зарбалари берилгани, натижада олти нафар толиблар ўлдирилиб, икки киши ярадор қилингани ҳақида хабар эълон қилди ва видеотасвир жойлади», — дейилади хабарда.

Май охирида Афғонистон қаршилик кучлари Панжшерда жанглар қайта бошланганини маълум қилган эди. Панжшер дарасида тўқнашувлар бўлиб ўтган, бунинг оқибатида бир кечада 27 нафар толиблар ўлдирилган.

Июнь охирларида «Толибон» ҳаракатининг Афғонистоннинг шимолий Бадахшон вилоятидаги бўлинмалари қўмондони, дала қўмондони Қори Ваккас ўз жангарилари билан бирга Миллий қаршилик фронти томонига ўтиб кетгани хабар берилди.

«Толибон» 2021 йил августида Афғонистонда ҳокимият тепасига келган эди. АҚШ ва унинг иттифоқчилари ўз қўшинларини олиб кетишни бошлаганидан кейин толиблар ҳужумга ўтган эди. Улар навбат билан йирик шаҳарларни эгаллаб, август ўртасида Кобулга кирди ва давлат тўлиқ эгаллаб олинганини эълон қилди. Президент Ашраф Ғани БААга қочиб кетди.

Қаршилик кучлари Панжшер вилоятига тўпланди. Унга афғон уруши даврларидаги қўмондон Аҳмадшоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд ва Ғани қочиб кетганидан кейин ўзини давлат раҳбари деб эълон қилган Афғонистон вице-президенти Амрулла Солиҳ раҳбарлик қилди.