Янги Зеландия мутахассислари биринчи марта коронавируснинг ВА. 2,75 омикрон штамми кичик турини юқтиришнинг биринчи ҳолатини аниқлади.
CОVID-19 тарқалишининг олдини олиш бўйича идоралараро комиссияси маълумотларига кўра, ушбу янги вариант Янги Зеландияга Ҳиндистондан келган икки нафар хорижликларда аниқланган.
«Пандемия бошланганидан бери Янги Зеландияда 1,3 миллиондан ортиқ коронавирус билан касалланиш ҳолатлари аниқланган ва 1534 киши вафот этган. Ҳозирда мамлакатда катта ёшли аҳолининг 95 фоиздан ортиғи тўлиқ эмланган», — деб ёзади комиссия.
Маълумот тариқасида, 5 июл ҳолатига кўра, дунёда коронавирус билан касалланганлар сони 555 339 003 нафарга етди, дея хабар беради CОVID-19 тарқалишининг олдини олиш бўйича идоралараро комиссияси.
«Ўтган суткада касалликка чалинганлар сони 392 985 кишига кўпайди. Дунёда коронавирус инфекциясидан вафот этганларнинг умумий сони 6 362 674 нафарни ташкил этиб, бугун 525 нафар ўлим қайд этилди», — деб ёзади манба. 5 июл ҳолатига кўра, 530 103 542 киши вирусдан тўлиқ тузалган.