Фаст-фудлардан эҳтиёт бўлинг! Андижонда 60 га яқин инсон фаст-фуддан касалланган

0

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида жуда кўплаб одамлар заҳарлангани айтилган видео тарқалди.

Унда 60 га яқин бемор Қўрғонтепа туман юқумли касалликлар бўлимига олиб келингани айтилади.

Шунингдек, видеода махсус койкалар айнан муассаса палатасидан ташқарига, яъни коридорга олиб чиқилган ҳолда беморга хизмат кўрсатилаёгани акс этади.

Ярим тун бўлишига қарамай ҳокимлик матбуот хизмати воқеа бўйича тезкор муносабатини эълон қилди.

Қайд этилишича, беморларнинг сони асли 10 нафарни ташкил этади. Бундан ташқари улар билан бирга таомланган 17 нафар яқинлари ва оила аъзолари ҳам шифохона ходимлари томонидан кузатув учун олиб келиниб, назорат қилинмоқда.

«Ҳозирда 10 нафар беморлар ва кузатувдаги 17 кишининг барчаси ўзини яхши хис этмоқда. Матбуот хизмати вакиллари барча беморлар билан тиббий шартлар остида бирма-бир суҳбатлашди»,-дейилади хабарда.
Уларга туман Тиббиёт бирлашмасининг малакали шифокорлари ва ҳамширалари узлуксиз хизмат кўрсатиб тургани айтилади.

«Бу ҳолатнинг келиб чиқиши бўйича, суҳбатлашилган барча беморлар “Фреш фуд” номли фаст-фуд таомлари маркази маҳсулотларини истеъмол қилганини маълум қилишди. Уларнинг барчаси кечаги кун давомида ушбу дўконлардан маҳсулот ҳарид қилишган»,-дейилади муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда мазкур ҳолат бўйича туман раҳбарияти алоҳида фаолият бошлаган. Туман прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб бормоқда.