Сергей Ежков судда Комил Алламжоновдан узр сўради

0

6 июл куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжоновнинг унга нисбатан Uzmetronom сайтида туҳмат қилинганига оид даъвоси юзасидан иккинчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда нашр ўз сайтида хабар берди.

Суд мажлисида нашр асосчиси, айбланувчи Сергей Ежков мазкур жиноят иши объекти бўлган маълумотларни шу йил февралда Eltuz манбасидан олиб тарқатгани, бу жараёнда материалдаги иддаоларни етарлича ўрганмаганини тан олди.

Ежков суд мажлисида бунинг учун Комил Алламжоновдан узр сўради.

Алламжонов айбланувчи узр сўрагани сабаб ўз аризасини қайтариб олишга қарор қилди.

“Мақсадим Сергей Ежковни жазолаш эмас, унинг ноҳақ эканлигини исботлаш эди. У буни тан олди. Материални текширмай берганини айтди. Менга шу етади”, дея ёзди даъвогар ўз Telegraм-каналида.

Мажлис якунида икки тараф қўл сиқиб кўришди. Алламжонов Ежков ва унинг адвокатига ўзи ёзган “Алламжонов айбдор” номли китобини совға қилди; судланувчига берилган китобга “Қадрли ака С.А. Ежковга, суд залидан эсдалик” дея дастхат ёзилган.

“Бир нарсани унутмаслик керак. Сўз эркинлиги бу – масъулият, яъни ҳар бир гапга жавоб бериш дегани. Ва ҳар қандай баҳсли ҳолатлар ўзаро келишув ёки суд орқали бўлиши керак. Ишонинг, бу “подвал”даги сўроқлардан, турли ноқонуний чақирув ва қўнғироқлардан минг марта тўғри ва таъсирлироқ. Барча демократик жамиятларда айнан шундай”, дея каналида ёзди Комил Алламжонов.

Эслатиб ўтамиз, Uzmetronom’да “Бриллиант бола” сарлавҳаси билан чиққан материалда Комил Алламжонов гўёки Ўзбекистонга 4,2 млн долларлик тақинчоқларни божсиз олиб киришда шерик бўлгани иддао қилинган.

Аввалроқ бу маълумотнинг бирламчи манбаси – хориждаги Eltuz таҳририяти ҳам Алламжоновдан узр сўраб, Германия қонунчилиги асосида жарима тўлашга тайёрлигини билдирганди.

Бу маълумотларни қўшимча суриштирувсиз, хусусан иккинчи томондан изоҳ олмаган ҳолда эълон қилиб юборган Uzmetronom сайти ҳам Eltuz бирламчи материални ўчириши ортидан ўз ресурсларидан мақолани олиб ташлаган.

Судда кўрилаётган иш Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) бўйича қўзғатилган. Агар жараён давом этиб, суд айбланувчини жиноят содир этган деб топса, у камида 200 БҲМ (60 млн сўм) жаримага тортилиши мумкин.