Ўзбекистон мобиль интернет нархи арзонлиги рейтингида юқорилади

0

Cable.co.uk нашрининг навбатдаги рейтингида мобиль интернет нархининг арзонлиги бўйича Ўзбекистон дунёда 233 мамлакат ичида 15-ўринга чиқди. Бу ҳақда АКТ вазири Шерзод Шерматов маълум қилди.

Аввалги рейтингда мамлакатимиз 21-ўринда эди. Ўтган вақт ичида 6 поғона кўтарилишга эришилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ннтернет (кенг полосали мобил интернет) нархи бўйича Ўзбекистон — БМТ Халқаро электралоқа иттифоқининг 2021 йилги ҳисоботига кўра, БМТнинг 2 фоизлик кўрсаткичини бажарган 4 давлат қаторидан жой олгани хабар қилинганди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан жорий йилнинг апрель ойида ўтказилган сўровнома натижасига кўра, алоқа ва интернет хизматлари аҳоли томонидан нархларнинг ўсиши энг кам сезилган хизматлар (товарлар) сифатида эътироф этилган.

Рақамли инфратузилмани янада ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида жорий йил бошидан:

Интернет тармоғига уланиш тезлигини янада ошириш мақсадида Халқаро пакетли коммутация марказининг ўтказувчанлик имкониятлари 1,8 Тбит/сек.дан 3,2 Тбит/сек.га етказилиб,
1,8 баробарга оширилди;
транспорт телекоммуникация тармоғини ўтказувчанлик қобилиятини вилоят марказигача 400 Гбит/сек ёки 2 баробарга, туман марказларигача 60 Гбит/сек га ёки 3 баробарга кенгайтирилди;
республика миқёсида 15 минг километрдан ортиқ оптик толали алоқа линияларини қурилиб ишга туширилди.
Мазкур ишларни тизимли давом эттирган ҳолда 2022 йил якунига қадар қуйидаги устувор вазифалар белгилаб олинди:

биринчидан,мобил алоқа операторлари тармоқларида 4 мингта янги таянч станцияларини ўрнатиш (бу Speedtest Global Indexда мобиль интернет тезлиги бўйича мамлакат рейтингини ошишига ёрдам беради);
иккинчидан, транспорт телекоммуникация тармоғини ўтказувчанлик қобилиятини вилоят марказигача 600 Гбит/сек ёки 1,5 баробарга кенгайтириш;
учинчидан, республика миқёсида 620 минг портга тенг кенг полосали тармоқ қурилмаларини ўрнатиш ҳамда 40 минг километрдан ортиқ оптик толали алоқа линияларини қуриш.
Мазкур лойиҳалар амалга оширилишининг натижасида йил якунига қадар мамлакатимиз аҳолисини юқори тезликдаги интернет хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади, мобил алоқа хизматлари сифати яхшиланади ҳамда Халқаро рейтингда Ўзбекистоннинг ўрнини янада оширилиши таъминланади.