Айрим тоифа абитуриентларга жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ОТМларда имтиёз берилади

0

Айрим тоифа абитуриентларга жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ОТМлар касбий (ижодий) имтиҳонларида имтиёзлар берилади.

Бу ҳақда «Жисмоний тарбия ва спорт университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳасида белгилаб қўйилмоқда.

Унга кўра, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси ёки халқаро гроссмейстери ҳамда Ўзбекистон спорт устаси ёки Ўзбекистон гроссмейстери унвонларига эга бўлган абитуриентларга олий таълим муассасаларининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги таълим йўналишларига касбий (ижодий) имтиҳонларида максимал балл бериш амалиёти жорий қилинади.

Шунингдек, «спорт диетологияси» ва «спорт шифокори» мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилади ҳамда мазкур мутахассисликлар ва спорт фаолияти таълим йўналиши ўқув режасига «кардиомашғулот» фани киритилади. Бундан ташқари, «спорт муҳандислиги» мутахассислиги бўйича Ўзбек-Беларус қўшма таълим дастури асосида магистратура йўналишини ташкил этиш юзасидан Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича давлат комиссиясига таклиф киритилади.

Спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича) таълим йўналишига ҳужжат топширувчи абитуриентлар контингентини спорт разряди ёки спорт унвонига эга бўлган номзодлардан шакллантирилади.