Ўзбекистонда қидирувда бўлган жиноятчи Польшадан ушлаб келинди

0

Ўтган йилнинг август ойидан бери халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Польшада қўлга олиниб, Тошкентга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда ИИВ Матбуот хизмати хабар берди.

2021 йилнинг август ойидан бери ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан зўрлашда айбланиб, қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси М.Н. Интерполнинг Ўзбекистондаги ММБ ходимлари ҳамкорлигида Варшавадан Тошкентга экстрадиция қилинди.

Таъкидланишича, жорий йилнинг январь ойида жиноятчи Интерпол каналлари орқали халқаро қидирувга берилган. Март ойида эса полшалик ҳамкорлар томонидан М.Н. Польша ҳудудига кирганлиги ҳақида хабар келади.

Шундан сўнг Интерполнинг Ўзбекистондаги ММБ ходимлари томонидан қидирувдаги шахсни аниқлаш ва қўлга олиш борасида саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилди ва процессуал ҳужжатлар бўйича тезкор қидирув тадбирлари амалга оширилди, бунинг натижасида М.Н. ушланди.

Экстрадиция талаби қаноатлантирилгандан сўнг, ҳуқуқбузар муносиб жазо олиш учун Ўзбекистонга қайтарилди.