Боғчада бола кутилмаганда вафот этди

0

Наманган вилояти, Чуст туман МТБга қарашли 64-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 1 август куни нохуш воқеа содир бўлди. МТВ мазкур ҳодиса юзасидан махсус баёнот билан чиқди.

Дастлабки ўрганиш бўйича, мактабгача таълим ташкилоти директори, МТТ ҳамшираси, тарбиячи, ёрдамчи тарбиячисининг сўзларига кўра, 2017 йилда туғилган А.Ш. жорий йилнинг 1 август куни эрталаб МТТга қабул қилинган. Таълимий фаолиятга яхши қатнашган. Кун тартибига кўра тушлик қилган ва гигиена қоидаларига амал қилгач барча тарбияланувчилар қатори ухлашга ётган.

Тарбиячи уйқудан уйғониш вақти бўлганда аввал қиз болаларни сўнгра ўғил болаларни ҳожатга олиб чиқиш учун уйқудан уйғотган. Лекин бола бошини кўтарган ва яна ётиб олган. Қизларни ҳожатдан олиб келиб А.Ш.ни уйғотган. Шунда бола тилини чайнаб юборганлигини кўрган ва зудлик билан ҳамширани олдига биринчи ёрдам кўрсатиш учун кўтариб олиб чиққан, дейилади хабарда.

МТТ ҳамшираси болага биринчи тиббий ёрдамни қилиб зарурий муолажаларни амалга оширган ва тез тиббий ёрдамга хабар берилган.

Тиббиёт ходимларининг ҳаракатларига қарамай бола вафот этган. Ўлим ҳақидаги маълумотномага асосан қуйи нафас йўлларининг аниқланмаган ўткир респиратор инфекцияси; ўпка шишиши ўлим сабаби этиб кўрсатилган.

Ушбу ҳолат юзасидан 2022 йил 2 август куни вилоят Мактабгача таълим бошқармаси тезкор гуруҳи томонидан дастлабки ўрганиш ўтказилди ҳамда тегишли маълумотлар ва ҳужжатлар тўпланди, дея таъкидланган вазирлик хабарида.

Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ишлари амалга ошмоқда. Тергов натижа якуни бўйича қўшимча маълумот берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шаҳрисабзда ҳам бола боғчада нохуш ҳолат қурбонига айланганди.