Ўзбекистонда илк бор хавфли суяк ўсмасига чалинган 14 ёшли ўсмирда ноёб эндопротезлаш амалиёти бажарилди

0

2030 йилга келиб, жаҳонда хавфли саратон касалликларига чалинган беморлар сони 23,6 миллионга етади. Ўзбекистонда ҳам ҳар йили кўплаб инсонларда ушбу хасталик аниқланади. Уларнинг 900 нафардан ортиғи хавфли суяк ўсма касалликларига чалинган беморлар бўлиб, бунда болаларнинг улуши 7 фоизни ташкил қилади. ССВ матбуот хизмати ана шундай хасталикка чалинган беморда ўтказилган амалиёт ҳақида хабар берди.

Маълум қилинишича, Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшовчи 14 ёшли М.А. ана шу хасталикни бошидан ўтказган ўсмирлардан. Яқинларининг айтишича, сўнгги тиббий текширувлардан сўнг унга хавфли суяк ўсмаси ташхиси қўйилган.

Шундан сўнг беморнинг ота-онаси Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказига мурожаат қилган.

Куни кеча ушбу марказда илк бор россиялик ва маҳаллий шифокорлар ҳамкорлигида мазкур беморда ўсувчи эндопротезлаш амалиёти ўтказилди.

— Бу операция чап сон суяги пастки учлиги соҳасининг ривожланган хавфли ўсма касаллигида тизза-бўғинни эндопротезлаш амалиёти ҳисобланади, — дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим бошлиғи Тожиддин Мустафоев.  — Тўғри, шу пайтга қадар юртимизнинг қатор тиббиёт муассасаларида шунга ўхшаш операциялар ўтказилган, бироқ бугунги жарроҳлик амалиётининг фарқли томони, унда беморга ўрнатилган эндопротез чўзилиш хусусиятига эга. Яъни, унинг афзаллиги операциядан кейин мосламани узайтириш имкони мавжуд.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур протез бемор организмининг ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда индивидуал тарзда тайёрланади. Қолаверса, мослама ўсмир организми ривожлангани сари унга уйғун равишда ўсиб боради.

Натижада бола улғайганда ҳам унда қўл ёки оёқнинг калталиги каби нуқсонлар кузатилмайди.