“Хитойнинг таҳдидлари учун ҳам АҚШ Тайванни тарк этмайди”

0

Пелоси хоним Хитойнинг пўписалари туфайли ҳам Тайванни тарк этмасликка ваъда берди, дейиляпти Bloombergнинг сўнгги таҳлилларида.
Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси АҚШ Тайванни тарк этмаслигига ваъда берди. Пекин томонидан янги савдо чекловлари ва ҳарбий ҳаракатлар хавфи юзага келишига қарамай, АҚШ Тайпейдаги демократик сайловлар орқали сайланган ҳукуматни қўллаб-қувватлашда давом этади. Пелоси хоним бу ҳақда бугун Тайван раҳбари Цай Инг-Вен ва Президент идораси томонидан ташкил қилинган маросимда сўзлади. Калифорниялик демократнинг сешанба куни кечқурун Тайванга келиши уни чорак асрда ташриф буюрган энг юқори мартабали америкалик меҳмонга айлантирди. Цайнинг олти йиллик фаолиятидаги энг катта муваффақияти бу Хитойга нисбатан ишончсизликнинг ортиши ва хорижий давлатлар, айниқса Ғарбнинг қўллаб-қувватловига эришгани бўлди, дея баҳоланмоқда. “Биз Тайванга бўлган садоқатимиздан воз кечмаймиз ва мустаҳкам дўстлигимизни давом эттирамиз”, – деди Пелоси хоним ўз сўзи давомида. “Хитойнинг таҳдидлари ортидан Американинг Тайван билан бирдамлиги ҳар қачонгидан ҳам аҳамиятли даражага чиқди”.

Цайнинг таъкидлашича Пелосининг ташрифи оролни аллақачон ўзиники деб ҳисоблашни бошлаган Пекин бошчилигидаги кўп йиллик ҳарбий босим кампаниясига қарши дунё ҳамжамиятининг бирдамлигини намоён этади. “Тобора ортиб бораётган босқинчилик хавфи ва ҳарбий тажоввузларга қарамай Тайван ўз фикрида қатъий туради”, -дейди Цай ташриф буюрган Пелоси хонимга мукофот топширар экан.

Бу воқеа ортидан Хитой савдо санкциялари ва ўзининг сўнгги ўн йилликдаги энг провакацион ҳарбий машғулотларини бошлашини эълон қилди. Бу эса йирик иқтисодиётга эга мамлакатлар ўртасидаги тўқнашув фонида дунёнинг иқтисодий барқарорлиги издан чиқиши мумкин. Сал аввалроқ, Хитой раҳбари Цзиньпин Тайван масаласида АҚШ президенти Жо Байден билан телефон орқали мулоқот қилиб, “Олов билан ўйнашганлар, куйиб кул бўлиши” ва АҚШ Хитойнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиши кераклиги ҳақида “сабоқ” берган эди. Шу билан бирга, Хитой ўз “ҳудуди”ни ҳимоя қилиш учун ҳатто ҳарбий салоҳиятини ҳам ишга солиши мумкинлигига шама қилди.

Бу каби огоҳлантиришларнинг давоми сифатида бугун Хитой ташқи ишлар вазири Ван Йи “Хитойни хафа қилганлар жазосиз қолмаслиги”ни таъкидлади. Шунга қарамай, баъзи миллатчи гуруҳлар томонидан таклиф қилинган ва Хитой раҳбари томонидан тасдиқланган Пелоси хонимга аталган “совға”нинг берилмагани, Пекиннинг “ваъда қилинган” экстремал чорани қўллай олмагани кўпчиликнинг ҳафсаласини пир қилди. Эсингизда бўлса Хитой ахборот манбаларида Пелоси хоним учаётган самолётнинг уриб туширилиши ҳақидаги таҳдидлар пайдо бўлган эди…

Шов шувлар ортидан Хитой CSI 300, яъни капиталлашувга асосланган фонд бозори индекси одатий кўрсаткичларига қараганда 0,4 фоизга ўсди. Тайван акциялари эса 0,2 фоизга қимматлади.

Пелосининг сўзлари Пекин босқинига қарши Америка Тайпей томонида турадими ёки йўқми деган саволга жавоб ўлароқ янгради. Россиянинг Украинага бостириб киришидан сўнг АҚШ бу борада ошкора қадамлар ташлаши кераклигини англаб етди. Албатта, Американинг ҳар бир қадами Хитой томонидан яхши қарши олинмаслиги бор гап. Шу жумладан, Тайван сешанба куни кечқурун киберҳужумларга дуч келганлиги ҳам бунга мисол.  Президент идораси ходимлари ахборот аламашинув жараёнида йигирма дақиқалик тўсиққа дуч келишди. Шуларга қарамай, Тайван Мудофаа вазирлиги Хитойнинг ҳарбий машғулотларини зўравонликка асосланган “қурол ўқталиш” деб қоралайди ва керакли пайтда жавоб беришини билдирмоқда.