«Келинг, зўравонларга эмас болаларга ғамхўрлик қилайлик!»

0

Бир муддат аввал Тошкентда 8-синф ўқувчиси билан яқинлик қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Ушбу ҳолат юзасидан  11 ноябрь куни, жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида судланувчилар А. Х., Б. Г. ва М. М. га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни ниҳоясига етиб, суд ҳукми эълон қилинганди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, А. Х. Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.

Б. Г. ва М. М. эса Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.

Бироқ куни кеча ижтимоий тармоқлар ва айрим ОАВларда айбдорлар озодликка чиқарилгани хабар қилинди.

Мазкур ҳолат фуқаролар ўртасида кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам ҳолатга ўз муносабатини билдириб, бу адолатсизлик эканини билдирди.

«Вояга етмаган қизнинг номусига теккан уч киши шартли равишда озодликка чиқарилгани ҳақида хабар топгач, қаттиқ тушкунлик ва оғриқни ҳис қилдим. Бу одамлар нормал ҳаётга қайтишди, яна болалар билан ишлашда давом этишмоқда»,-дейди у.
Мирзиёеванинг фикрича, вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қонунчилигимиз болалардан кўра кўпроқ жиноятчилар ҳақида қайғуради ва бу адолатсизликни зудлик билан тузатиш зарур.

«Жиноят кодексининг 128 ва 129-моддалари болалар ва ўсмирларни ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро стандартларга жавоб бермайди. Бундай жиноятлар учун, истисно тариқасида, озодликни чеклаш ёки аҳлоқ тузатиш ишлари тарзида жазо қўлланилмаслиги керак. Ушбу моддаларни кучайтириш керак, уларга барвақт озод бўлиш имкониятисиз жиддий муддатлар қўлланилиши лозим.
Раис ўринбосарининг таъкидлаб ўтишича, ҳозир ҳаддан ташқари енгил жазолар потенциал жиноятчиларни қўрқитмайди ва айнан турли «самосуд»ларга туртки бермоқда.

«Шуни ёдда тутиш керакки, болалар ва ўсмирларни манипуляция қилиш, уларни қўрқитиш осон, улар ўзларининг хатти-ҳаракатлари учун онгли равишда жавобгар бўлолмайдилар. Ҳар қандай ҳолатда айб бутунлай катталарга юкланади. Келинг, зўравонларга эмас болаларга ғамхўрлик қилайлик. Бу соҳага доир қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш зарур. Қанча тез булса, шунча яхши»,-дейди у сўзининг сўнгида.