Магнит бўронлари вақтидаги муҳим тавсиялар эълон қилинди

0

Бугун юртимизда G3 даражалик 4 баллик магнит бўронлари кузатилиши хабар қилинганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу борада қуйидаги тавсияларни берди:

Магнит бўронидан артериал гипертония хасталигига чалинган беморлар кўпроқ азият чекади.

Бу ҳолат организмда ташқи стрессларга чидамлиликни таъминлайдиган мелатонин моддаси ишлаб чиқарилишининг камайиши билан изоҳланади.

Қолаверса, магнит бўрони бронхиал астма билан оғриган одамлар саломатлигида ҳам муаммоларни келтириб чиқариши кузатилган.

Шундай экан, бундай вазиятда, аввало, овқатланиш рационига алоҳида эътибор қаратиш ва кўпроқ суюқлик ичиш лозим.

Ҳўл мевалар, қолаверса, майиз ва туршак каби калийга бой маҳсулотлар, таркибида C витамини кўп бўлган неъматлардан истеъмол қилиш зарур.

Магнит бўрони кузатиладиган кунларда спиртли ичимликлардан бутунлай воз кечиш ҳамда ёғли, аччиқ, шўр таомлар истеъмол қилмаслик тавсия этилади. Чунки туз қон босими ошишига сабаб бўлади.

Тинчлантирувчи хусусиятга эга чойлардан ичиш ҳам мақсадга мувофиқ. Ўз навбатида, мутахассислар ортиқча зўриқтирувчи ишлар ва машғулотлар билан вақтинча шуғулланмасликни маслаҳат беришади.

Сурункали касалликларга чалинганлар эса ўзлари билан шифокорлар томонидан буюрилган дори-дармонларни олиб юришлари ҳамда қон босимини тез-тез назорат қилиб туришлари лозим.

Кун давомида бир неча марта душ қабул қилиш ҳам катта фойда беради.