Ўзбекистонликларнинг неча фоизи ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардан фойдаланади?

0

Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда энг оммабоп мессенжерлар – Telegram, WhatsApp ва Facebook Мessenger бўлиб, ўзбек сегментидаги уларнинг фойдаланувчилари:

Telegram– жами фойдаланувчиларнинг 80 фоиз қисми
WhatsApp– жами фойдаланувчиларнинг 22 фоиз қисми
Facebook Мessenger– жами фойдаланувчиларнинг 6 фоиз қисми
Инновацион ривожланиш вазирлиги тадқиқотчиларининг Datareportal.com маълумотларига таяниб ёзишича, Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 70 фоиз қисми интернет фойдаланувчиси ҳисобланади. Аҳолининг 18,3 фоиз қисми эса ижтимоий тармоқлардан фойдаланишади.

Мамлакатда фойдаланувчилар томонидан энг кўп Instagram ижтимоий тармоғидан фойдаланилади. Ҳозирги кунда ушбу тармоқдан фойдаланувчилар сони 4,8 млн.дан ортиқ ҳисобланади. Фойдаланувчиларнинг 34,4 фоиз қисми аёллар. Фойдаланувчиларнинг асосий қисми ёшларни (18-35 ёш) ташкил этади.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда ҳам миллий мессенжерлар ва ижтимоий тармоқлар яратиш борасида турли ишлар олиб борилган. Масалан, 2016 йилда davra.uz миллий ижтимоий тармоғи яратилган ҳамда бугунги кундаги обуначилари сони 22,5 минг кишини ташкил этади.

«6 йиллик бу кўрсаткич тармоқнинг оммалаша олмаганлигини кўрсатади. Бундан ташқари 2016 йилда «Uchar» деб номланган тармоқ ҳам пайдо бўлган ва оммалашмаган. Шунингдек, 2018 йилда «UMS» МЧЖга тегишли UzChat мессенжери ишга туширилган, аммо оммалашмаган. 2011 йилда muloqot.uz мессенжери ҳам яратилиб, 2018 йилда тўхтатилган. Яратилган миллий мессенжерларнинг оммалашмаслик сабаблари сифатида асосан киберхавфсизлик, маълумотларнинг ишончли сақланиши ҳамда барқарор ишлаш қобилияти мавжуд эмаслигини кўриш мумкин», – дейилади вазирлик маълумотида.

Ўзбекистонда жами 24,1 млн. нафар интернет фойдаланувчилари мавжуд бўлиб, рақамлар йилига ўртача 1,4 фоизга ўсаётгани таъкидланади. Бундан ташқари аҳолининг 28,5 фоиз қисми 18-35 ёш оралиғида бўлиб, ижтимоий тармоқлар, жумладан мессенжерлардан фаол фойдаланишади.

«Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, мамлакатда миллий мессенжерлар ташкил қилиш учун маҳаллий бозор имконияти мавжуд.

Бундай шароитда мамлакатимизда ҳам миллий қадриятларимизга мос, жаҳоннинг илғор технологиялари ва тажрибаларидан самарали фойдаланган ҳолда миллий ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларни яратиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади», – дейилади маълумотда.

Эслатиб ўтамиз, бир муддат аввал Ўзбекистонда миллий мессенжер ва ижтимоий тармоқ яратиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар бериган эди.