51 ёшли хонанда Наргиз Зокирова фарзанд кутмоқда (фото)

0

51 ёшли хонанда Наргиз Зокирова тўртинчи марта она бўлади. Бу ҳақда «Дарё» Starxit нашрига таяниб хабар берди.

Наргиз Зокирова Instagram’даги кузатувчиларига турмуш ўртоғи Антон Ловягин билан тушган суратини намойиш этди. Суратда хонанданинг ҳомиладор эканлиги акс этган. Мухлислари хонандани ушбу янгилик билан табриклаб, унга илиқ тилакларини ёзиб қолдирган. Кейинчалик Наргиз Зокирова ушбу суратни саҳифасидан ўчириб юборди.

Наргиз Зокирова уч фарзанднинг онаси, унинг икки нафар невараси бор. Хонанда ўзидан 12 ёш кичик Антон Ловягин билан иш жараёнида танишиб, дўстлашгани, кейинроқ улар бир-бирига кўнгил қўйгани ҳақида сўзлаб берган. Жуфтликнинг тўйи Францияда бўлиб ўтган.

Маълумот учун, Наргиз Зокирова 1970 йилнинг 6 октябрь санасида Тошкент шаҳрида туғилган. Хонанда республика цирк мактабининг эстрада йўналишида таҳсил олган. Дастлаб турли гуруҳларда қўшиқ куйлаган Наргиз Зокирова фаолиятини яккахон хонанда сифатида давом эттирди. У илк бор 1990 йилда хонанда Руслан Шарипов билан оила қурган. Ижодкорларнинг узоқ йил бахтли ҳаёт кечиришларига кўпчилик ишонган. Аммо ундай бўлмади, юлдузли жуфтлик хонадонида туғилган Сабина исмли қизалоқ ҳам оилани ажримдан асраб қололмаган. Хонанданинг кейинги турмуш ўртоғи Ернур Канайбеков бўлди. Наргиз Зокированинг бу никоҳидан Ауэл исмли ўғли бор. Ернур Канайбеков 1997 йилда автоҳалокат туфайли вафот этган. Шундан сўнг хонанда яна бир марта турмушга чиққан. Филипп Балзано билан никоҳи давомида у қизи Лейлани дунёга келтирган. 2016 йилда Наргиз ва Филипп Балзано никоҳи бекор қилинган.

Хонанда Америка фуқаролигига ҳам эга бўлиб, у 1995 йилда ота-онаси билан АҚШга кўчиб ўтган. 2013 йилда у «Голос» вокал шоусида иккинчи ўринни эгаллаган, шундан сўнг хонанда Россияда ижодий фаолиятини бошлаган.