«Европага бориш – бу имтиёз»: Шенген мамлакатлари Россиядан туризмни чекламоқчи

0

Шенген давлатлари россияликларга туристик виза беришни тўхтатиши керак, деди Эстония бош вазири Кая Каллас.

«Россияликларга сайёҳлик визаси беришни тўхтатинг. Европага бориш – инсон ҳуқуқи эмас, имтиёздир. Россияга авиақатновлар тўхтаган. Демак, Шенген давлатлари виза бераётганда, Россиянинг қўшниларига (Финландия, Эстония, Латвия – қуруқлик орқали Европага кириш нуқталари) оғир бўляпти. Энди Россиядан туризм оқимини тўхтатиш вақти келди», деб ёзди у твиттерда.

Собиқ президент, Россиянинг собиқ бош вазири, ҳозирда Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев бунга ўзининг сўнгги баёнотларига мос келадиган ибора билан жавоб берди: «Сизнинг озодликда бўлишингиз – бунга лойиқ эканингизда эмас, балки яхши ишламаганингиз оқибати».

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, «кўп давлатлар ўзларини нодўстона тутиб, 80 йил олдин Европа марказидан тарқалган баёнотларни бермоқда». Унинг фикрича, «вақт ўтиши билан соғлом фикр барибир устун келади ва бундай гапларни айтганлар ўзига келиб олади».

Финландия ҳам Россия туризмини тўхтатиш тарафдори

Финландия бош вазири Санна Марин ҳам Калласни қўллаб-қувватлади. Унинг сўзларига кўра, Европа кенгаши уруш тугамагунча Россия туризмига қарши санкциялар қўллаш масаласини кўриб чиқиши мумкин эди.

«Россия Европада тажовузкор ва шафқатсиз уруш олиб бораётган бир пайтда, россияликлар худди ҳеч нарса бўлмагандек Европага саёҳат қилишлари нотўғри. Бу адолатсизлик. Россияликлар Финландия орқали бошқа мамлакатларга дам олиш учун бормоқда, биздан бекат сифатида фойдаланмоқда. Бу масалани ҳукуматда муҳокама қиляпмиз ва дискуссия давом этади. ТИВ бу ҳолатга ойдинлик киритмоқда, бироқ бу муайян ҳуқуқий масалаларга бориб тақалади», деди у Yle нашрига берган интервюсида.

Марин айтганидек, Финландияда россиялик сайёҳларнинг хатти-ҳаракатларини чеклайдиган қонунлар йўқ. Аммо мамлакат визалар сонини тартибга солиши мумкин, яъни амалда мамлакат ҳудудига киришни билвосита чеклаши мумкин.

Финландия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Юсси Таннернинг сўзларига кўра, Финландия россияликларга виза беришни аллақачон чеклаб қўйган. Чунки ҳозирда виза учун аризани фақат онлайн топшириш мумкин. Бундай чора пандемия даврида жорий қилинганди, аммо уруш туфайли амалда қолдирилди.

Август ойи охирида россияликларга Шенген визаларини бериш масаласи ЕИ ташқи ишлар вазирларининг норасмий учрашувида муҳокама қилинади, деб ёзди Yle.

Фото: TASS
Россияликларни қаерларда кутишмаяпти?

Шу кунларда Украина президенти Володимир Зеленский Американинг Washington Post газетасига берган интервюсида Ғарб давлатларини Россия фуқароларини киритмасликка чақирганди.

«Гап қайси россияликлар ҳақида кетишидан қатъи назар, уларни Россияга қайтариб юборинг. Шунда улар: бу урушга алоқамиз йўқ деб айтишади. Бутун халқ жавобгарликка тортилмайди, шундай эмасми? Балки шундайдир. Аммо айнан шу одамлар бу ҳокимиятни сайлаган ва у билан курашмаяпти. У билан баҳслашмаяпти, унга норозилик билдирмаяпти», деди у.

Россияликларга туристик виза бериш аллақачон Эстония, Латвия, Литва, Словакия, Польша, Мальта ва Чехия томонидан тўхтатилган.

Даниянинг Россиядаги элчихонаси виза бериш учун ҳужжатларни қабул қилишни тўхтатди. Бироқ, бошқа давлатлардаги элчихоналар орқали ҳужжат топшириш мумкин.

Латвия россияликларга деярли барча турдаги виза беришни чеклаб қўйди. Фақатгина яқин қариндошининг дафн маросимида қатнашиш учун виза олиш мумкин.

Эстония ҳукумати россияликларга нафақат туристик визаларни, балки ўқиш ва вақтинчалик яшаш учун рухсатнома ва виза беришни ҳам тақиқлади. Бундан ташқари, Эстония ташқи ишлар вазири Урмас Рейнсалу Россияга қарши санкцияларнинг навбатдаги пакетига россияликларга Шенген визаси беришни тақиқлаш чораларини киритишни таклиф қилди.

Ушбу ғояни Польша ҳукумати матбуот котиби Пётр Мюллер ҳам қўллаб-қувватлади. «Биз бу турдаги хатти-ҳаракатларни, айниқса, Марказий ва Шарқий Европадаги ҳамкорларимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз», деди у.

Бельгия 1 июлдан бошлаб россияликларга қисқа муддатли виза беришни тўхтатди. Бельгиянинг миграция масалалари бўйича вазири 24 феврал куниёқ россияликларга, жумладан, талабалар, сайёҳлар ва иш юзасидан сафар қилаётганларга барча турдаги виза бериш тўхтатилишини қўллаб-қувватлашини айтганди.

ЕИ виза кодексида нималар кўзда тутилмаган?

Шу билан бирга, Европа Иттифоқи қоидалари россияликларни визадан тўлиқ маҳрум қилишга имкон бермайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам виза берилиши керак бўлган бир қатор тоифалар бор.

«Ҳар доим виза берилиши керак бўлган одамлар гуруҳи бор. Гап гуманитар ҳолатлар, Европа Иттифоқи фуқароларининг оила аъзолари, журналистлар ва диссидентлар ҳақида кетмоқда», – деб тушунтирди Еврокомиссия.

Еврокомиссия матбуот котиби Анита Ҳиппер ҳам Европа Иттифоқи виза кодексида қисқа муддатли виза беришни тўхтатиш, шу жумладан россияликларга ҳам бундай виза бермаслик имконияти назарда тутилмаганини таъкидлади. Шу билан бирга, у Европа Иттифоқига аъзо давлатлар «муайян вазиятда қисқа муддатли виза бериш масаласини мустақил кўриб чиқиши» мумкинлигини қўшимча қилди.

Европа Иттифоқи ва Шенген ҳудудининг кўплаб мамлакатлари россияликлардан сайёҳлик визаси учун ҳужжатларни қабул қилишда давом этяпти. Россия туроператорлари ассоциацияси маълумотига кўра, ушбу рўйхатга Греция, Испания, Италия, Франция, Финландия, Хорватия, Кипр, Швейцария, Венгрия, Словения ва Австрия киради.

Бироқ, талаб жуда катталиги ва консуллик ходимлари етишмаслиги туфайли Россиядаги виза марказларида виза олиш жуда қийин. Навбатлар бир неча ойга чўзилиб кетган.