Туркия президенти Эрдўғон илк миллий электромобилни ҳайдаб кўрди

0

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Кожаэли вилоятидаги полигонга ташриф буюриб, мамлакатнинг илк электромобилини шахсан синовдан ўтказди. Унга Турк автомобили ташаббус гуруҳи (TOGG) бошқаруви раиси Меҳмет Гюржан ҳамроҳлик қилган. Эрдўғон электромобилни ҳайдаётгани акс этган видеолавҳани унинг ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифасида эълон қилинди.

Аввал хабар берганимиздек, Туркияда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар 2023 йилнинг биринчи чорагида бозорларда пайдо бўлади. Бурсадаги автозавод 5 турдаги енгил машина ишлаб чиқариши кўзда тутилган.

Туркия 2018 йилдан миллий автосаноатни йўлга қўйиш борасида жиддий қадам ташлади. Ўша йили мамлакат президенти фармони билан Турк автомобили ташаббус гуруҳи (TOGG) тузилди. Беш саноат гиганти – Anadolu Group, BMC, Kök Group, Turkcell ҳамда Zorlu Holding миллий автомобиль саноатини йўлга қўйиш учун чора-тадбирлар кўришга киришди.

2020 йил 18 июлда Бурса вилоятининг Гемлик туманида автозаводга тамал тоши қўйилди. Р.Т.Эрдўғон автозавод бунёд этилишини 60 йиллик орзунинг рўёбга чиқиши деб баҳолаган.

2023 йилнинг биринчи чорагида SUV сотувга чиқарилади. Кейинроқ Sedan, Hatchback, B-SUV, C-MPV каби автоуловлар харидорларга етказилади. 4300 нафар ходим меҳнат қиладиган заводда йилига 175 минг дона автомобиль ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. 2030 йилга бориб бу кўрсаткични бир миллион донага етказиш мақсад қилинган.