АҚШда уй портлаши оқибатида уч киши ҳалок бўлди

0

АҚШнинг Индиана штатидаги Эвансвилл шаҳрида турар-жой биноси портлаши оқибатида уч киши ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда USA Today нашри.

Расмийларга кўра, уй турган кўча вайроналарга тўлиб кетган, қўшни уйлар жиддий шикастланган. Барча ёнғинлар ўчирилган. Портлаш содир бўлган ҳудудда электр таъминотида узилишлар мавжуд. Полиция воқеа жойидан яқин атрофдаги кўчаларни тўсиб қўйган.

Эвансвилл ўт ўчириш хизмати бошлиғи Майк Коннелининг айтишича, портлаш радиуси 30 метрдан ошиб, 40 га яқин уйга зарар етказган, шундан 11 та бино яшаш учун яроқсиз деб топилган.

Вандербург округи расмийлари уч кишининг ўлимини тасдиқлади, Н.Вайнбах проспектидаги портлаш қурбонларини қидириш давом этмоқда.

Айни дамда воқеа жойида Спиртли ичимликлар, тамаки, ўқотар қуроллар ва портловчи моддалар бўйича Федерал бюро тергов ишларини олиб бормоқда. Ҳозирча портлаш сабаблари аниқланмаган.

Қизил Хочнинг маҳаллий бўлими жабрланганларга ёрдам кўрсатяпти, уларни вақтинчалик бошпана, озиқ-овқат ва сув билан таъминламоқда.