Элликқалъада мудҳиш ЙТҲ: «Lacetti» ҳайдовчиси ЙПХ ходими хизмат машинаси билан тўқнашиб кетди

0

Оқибатда «Lacetti» русумли автомобиль ҳайдовчиси шифохонада вафот этган.

Маълумотга кўра, 10 август куни соат 10:30 ларда Қорақалпоғистон Республикаси, Элликқалъа тумани ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлининг 10-километрида ҳайдовчи  З.Ю. «Lacetti» русумли автомобилни бошқараётиб, эҳтиётсизлиги оқибатида қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва ЙПХ ходими, 1981 йилда туғилган Н.А.га бириктирилган «Nexia-3» русумли хизмат автомобили билан тўқнашган.

Қайд этилишича, «Lacetti» русумли автомобилни бошқарган шахс автотранспорт бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган.

Ҳодиса натижасида, «Lacetti» русумли автомобиль ҳайдовчиси З.Ю. олган тан жароҳатлари туфайли шифохонада вафот этган. Шунингдек, ЙПХ ходими Н.А. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

«Мазкур ЙТҲ юзасидан Элликқалъа тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Барча ҳайдовчилардан белгиланган қоидаларга риоя қилишларини сўраймиз»,-дейилади хабарда.