Фарғонада имтиҳон пайтида 64 ёшли абитуриентга ёрдам кўрсатилди?!

0

Фарғона давлат университети стадионида олий таълим муассасалари учун кириш имтиҳонлари пайтида кўришда нуқсони бор абитуриентга ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда Давлат тест маркази хабар қилди.

Қайд этилишича, 10 август куни 2-сменада Фарғона давлат университети стадионида ўтказилган тест синовида абитуриент М.О. (64 ёш) тест топшириқларини ишлаб бўлганидан сўнг кўзи яхши кўрмаслигини, чироқ ёруғида жавобларни белгилашда доирачаларни адаштириб юбораётганини айтиб, жавобларни кўчириб беришда ёрдам сўраган.

Ҳолат ДТМ ходимлари томонидан кўриб ўрганилган ҳамда абитуриентга тест топшириқлари китобида белгиланган жавобларни жавоблар варақасига бўяш учун шу гуруҳдаги тест топшириқларини ишлаб бўлиб, топширган абитуриент (М.А.) томонидан ёрдам кўрсатилган.

Бунда ёрдам сўраган абитуриент қайси саволга қайси жавобни белгилаш кераклигини айтиб турган. Ёрдамчи абитуриент жавоблар варақасига бўяшга ёрдам берган.

Жараён гуруҳдаги қолган абитуриентларнинг розилиги асосида ходимлар ва гуруҳ назоратчилари кузатуви остида амалга оширилган.