Қатарда бўлиб ўтадиган ЖЧ-2022 старти ўзгартирилди

0

ФИФА кенгаши бюроси мундиал бошланишини 21 ноябрдан 20 ноябрга кўчиришни маъқуллади. Бу турнир мезбони Қатар миллий жамоаси очилиш ўйинида қатнашиши учун қилинмоқда.
Шу тариқа очилиш маросими ва Қатар — Эквадор баҳси 20 ноябрь куни бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан 21:00да бошланади.

А гуруҳининг яна бир беллашуви Сенегал — Нидерландия режалаштирилганидек 21 ноябрь куни бўлиб ўтади, аммо ўйин бошланиш вақти 15:00дан 21:00га ўзгартирилди.

2006 йилда Германияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидан бошлаб барча очилиш ўйинлари мусобақа мезбон давлати иштирокида ўтказилди. Аммо Қатардаги жаҳон чемпионати тақвими шундай тузилганки, мезбонлар ўша куни фақат учинчи ўйинда майдонга тушиши керак эди. ФИФАнинг маълум қилишича, ўйинни бошқа муддатга кўчириш қарори «узоқ анъаналар давом этишини таъминлайди». Федерация барча сотиб олинган чипталар ўз кучини сақлаб қолишини таъкидлади.

2022 йилги жаҳон чемпионати 20 ноябрдан 18 декабрга қадар бўлиб ўтади. Финал ўйини 18 декабр куни «Лусаил» стадионида бўлиб ўтади ва Тошкент вақти билан соат 20:00да бошланади. Учинчи ўрин учун ўйин бир кун аввал Ал-Райяндаги «Халифа» халқаро стадионида бўлиб ўтади ва у ҳам Тошкент вақти билан соат 20:00да бошланади.

Эслатиб ўтамиз, ФИФА қарорига кўра, Россия клублари ва жамоалари халқаро мусобақаларда қатнаша олмайди. Шу боис Россия терма жамоаси 2022 йилда Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятидан маҳрум бўлган.