Европа қурғоқчилик туфайли сувни тежашга ўтди

0

Францияда жазирама ва сайёҳлик мавсумининг қизғин даврида сувдан фойдаланишга чекловлар жорий этилди. Мамлакатда қурғоқчилик хавфи эълон қилинди, бироқ ҳар бир минтақада вазият ҳар хил, шунга кўра кўрилаётган чора-тадбирлар ҳам ҳар хил, деб ёзади Kazinform еuronews телеканалига таяниб.
Мисол учун, Лионда майсазорни суғориш ёки машинани ювиш мумкин эмас. Қоидабузарлар жаримага тортилиши мумкин.

Қурғоқчиликнинг кўрсаткичларидан бири сув омборларидаги сув сатһининг пасайишидир. Савойдаги Анси кўли ёз бошидан бери 33 сантиметрга пасайган. Ҳозирча бу ҳолат ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига таъсир кўрсатмади. Аммо одамлар аллақачон муаммоларга дуч келишмоқда, айниқса сув транспортида.

Сув танқислиги Европанинг кўплаб мамлакатлари учун жиддий муаммога айланмоқда. Венгрияда метеорологлар 1901 йилдан бери, яъни бир асрдан кўпроқ вақт ичида энг қуруқ етти ойни қайд этишди. Сув хўжалиги бош бошқармаси маълумотларига кўра, жорий йилда ёғингарчиликнинг ўртача миқдорининг атиги ярми тушган.

Буюк Британияда жазирама қишлоқ хўжалигида муаммоларни келтириб чиқарди. Деҳқонлар чорва учун кўк майса қолмагани, экинларни суғориш учун сув етишмаётганини маълум қилди.

Расмийлар сув истеъмолини чеклаётган бир пайтда, экологлар ботқоқларни тиклашни таклиф қилмоқдалар. Мутахассисларнинг фикрича, бу чора қурғоқчиликка қарши узоқ муддатли кураш учун етарли миқдорда намлик тўплаш имконини беради.