Қуддусда фаластинлик жангари саккиз кишини яралади

0

Фаластинлик жангари Қуддусдаги автобус бекатида яҳудий ибодатчилари ва бир гуруҳ одамлар бўлган автобусга қарата ўт очди, натижада саккиз киши яраланди, деб хабар бермоқда BBC News.
Якшанба куни эрталаб Довуд қабри бекатида зиёратчиларга тўла автобус ҳужумга учради.

Икки киши жиддий жароҳат олган. Ҳомиладор аёлнинг ошқозонига ўқ теккан. Жабрланувчи Қуддусдаги Шаарей Цедек касалхонасида шошилинч операция қилинди. Касалхона вакилининг айтишича, аёл ва унинг боласи барқарор оғир аҳволда.

Қурбонлар орасида автобус бекатида такси кутаётган тўрт кишилик америкалик оила ҳам бор. Ушбу АҚШ фуқаролари Нью-Йоркдан келган.

Босқин уюштирган шахс воқеа жойидан қочиб кетган, бироқ кейинроқ таслим бўлган.

Исроил полицияси унинг жиноий иши борлигини, лекин қуролли Фаластин гуруҳлари билан алоқаси йўқлигини маълум қилди. Отишмада ёлғиз ўзи ҳаракат қилгани тахмин қилинмоқда.

Исроил ОАВлари жиноятчининг Шарқий Қуддусдаги Силван маҳалласида яшовчи 26 ёшли Амир Сидавий эканлигини аниқлади.

Ҳужум Ғазо секторида Исроил кучлари ва Фаластин Исломий Жиҳоди ўртасида ҳарбий можаро авж олганидан бир ҳафта ўтиб содир бўлди. Уч кунлик жанглар давомида Ғазода 47 киши ҳалок бўлган. Улардан 35 нафари тинч аҳоли вакиллари, жумладан 17 нафари болалардир, ҳалок бўлган жангарилар сони эса 12 нафар.