Қалбаки паспортлар билан хорижга чиқиб кетмоқчи бўлган 7 нафар фуқаро ушланди

0

Улар ўзларини Афғонистон фуқароси деб таништириб, Ўзбекистондан чиқиб кетмоқчи бўлган.
Жорий йилнинг 5-август куни йўловчилар орасида паспорт текшируви ўтказилаётган пайтда «Тошкент-Лондон» йўналиши бўйича навбатдаги НУ-201 рейси бўйича «Ислом Каримов» номидаги Тошкент халқаро аэропортида Буюк Британия фуқаролари паспортини тақдим этган 7 нафар йўловчи рейсдан олиб чиқилган, дея хабар бермоқда ИИВ Транспорт ва туризм обектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти.

Текширув чоғида парвоздан тўхтатилган йўловчилар ўзини Афғонистон фуқаролари деб таништириб, Тожикистон ҳудудида бўлиб, Буюк Британия фуқароларининг қалбаки миллий паспортини ноқонуний равишда қўлга киритгани аниқланган. Улар Ўзбекистонни тарк этиш ниятида бўлган, бироқ «Тошкент» аэропорти иммиграция хизмати ходимлари томонидан ушланган.

Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси ИИВ ТХТББ ТБ томонидан юқорида кўрсатилган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси, 2-қисми, «б» банди, 228-моддаси, 3-қисми, 25-223-моддаси, 2-қисми, «б,в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилди.