Қашқадарёда мактаб томи қулаб тушди

0

Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси Шаҳрисабздаги мактабнинг том қисми қулаб тушгани тасвирланган видеога муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда Шаҳрисабз шаҳридаги 6-сонли умумтаълим мактабининг том қисми қулаб тушгани тасвирланган видео тарқалди.

Маълум қилинишича, Шаҳрисабз шаҳридаги 6-сонли мактаб биноси 2017-йилда қурилган бўлиб, қуввати 630 ўринли мактабда ҳозирда 1064 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мактабнинг навбатлилик коеффициенти 1.7 ни ташкил этади. Мактабнинг 1926-йилда лой пахсали биноси ўрнига 2017-йил Инвестиция дастури асосида 630 ўринли замонавий янги ўқув биноси қурилган. Мактабда қурилиш тиклаш ишларини вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмачилигида “Саъдулло бобо” МЧЖ томонидан қурилган бўлиб, объэктнинг қиймати 2,27 миллиард сўмни ташкил этади.

“Тасвирда ёритилган мактаб эски биноси эса 1926-йилда қурилган бино бўлиб, ушбу бинодан 2017-йилдан буён фойдаланилмайди. Мактаб биносини эскирган том қисмини қулаб тушиши натижасида бирор-бир мактаб масъуллари ёки педагог жамоага шикаст етмаган. Ҳозирда эса тасвирда кўрсатилган парта, стул ҳамда мебел жиҳозлардан мактаб маъмуриятида фойдаланилмайди”, дейилади муносабатда.

Қайд этилишича, демографик ўсишни инобатга олиб 2025-йилларда мактабга қўшимча бино қурилади.