Қозоғистон ўз нефтини Озарбойжон орқали сотиши ҳақидаги хабарни рад этди. Бироқ муқобил йўллар изланмоқда

0

Қозоғистон энергетика вазири Болат Акчулаков Қозоғистоннинг куздан бошлаб Баку–Тбилиси–Жейҳан йўналиши бўйича нефть ташиш нияти ҳақидаги хабарларни рад этди.

“Мен ҳам бу хабарни ўқидим. Нефть ташиш бўйича қандайдир шартнома имзолаймиз, деб ўйламайман. Бу каби масалалар асосан миллий компаниялар даражасида муҳокама қилинади. Аммо биз сентябрь ойида нефть жўнатиш бўйича шартнома имзолаш ҳақида гапирмаяпмиз. 1,5 млн тонналик кўрсаткичга келсак, бу жуда кулгили, чунки бундай ҳажм экспорт йўналиши билан боғлиқ муаммомизни ҳал қила олмайди”, деди вазир матбуот анжуманида.

Акчулаковнинг сўзларига кўра, Каспий қувурлари консорциуми масаласини сиёсийлаштириш керак эмас. Қозоғистоннинг бугунги кундаги асосий вазифаси КҚК ҳажмларини сақлаб қолиш ва узлуксиз ишлашини таъминлашдан иборат.

“Албатта, биз муқобил йўллар ҳақида ўйлашимиз керак, чунки 2024 йилдан кейин 100 миллион тоннадан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Ҳозирча биздаги имкониятлар кўп эмас: Хитой ва Каспий денгизи орқали йўналишларгина бор”, дея қўшимча қилган Акчулаков.

Маълумот учун, Қозоғистон сўнгги 20 йилда нефтни Каспий қувур консорциуми орқали Новороссийскка етказиб берган. Ушбу қувур Қозоғистон нефти учун асосий экспорт йўналиши бўлиб қолмоқда. Қувур орқали кунига 1,3-1,4 млн баррел нефт ўтади.

Таққослаш учун, Боку–Тбилиси–Жейҳан қувури орқали суткасига атиги 30 минг баррел нефт етказиб берилади.

Аввалроқ Reuters агентлиги, ўз манбаларига таяниб, Қозоғистон ўз нефтининг бир қисмини Россияни четлаб, Озарбойжоннинг энг йирик Боку–Тбилиси–Жейҳан нефт қувури орқали сотиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатганди. Унда “Казмунайгаз” миллий компанияси Озарбойжон давлат нефт компаниясининг савдо бўлинмаси билан йилига 1,5 млн тонна Қозоғистон нефтини Туркиянинг Жайҳон портига олиб борувчи қувур орқали етказиб бериш бўйича музокара олиб бораётгани айтилганди.

Нега Қозоғистон нефть ташиш бўйича янги йўналишлар қидирмоқда?

Қозоғистон – Европага нефт етказиб берадиган асосий давлатлардан бири. Мамлакат нефти асосан Россия орқали ўтадиган Каспий бўйи консорциумидан оқиб, Европа давлатларигача боради.

Аммо сўнгги бир неча ой ичида Россия Қозоғистон нефти экспортининг қарийб 80 фоизини ташийдиган Каспий қувурини икки марта тўхтатди, Қозоғистон эса юкнинг бир қисмини Каспий денгизидаги Актау ва Курик портлари орқали ўтказди.

Март ойи охирида Россия учта терминалдан иккитасини “бўрон туфайли” бир неча ҳафтага “таъмирлаш учун” ёпди. Улар Қозоғистон энергетика вазири ва унинг делегацияси музокаралар учун Москвага кетганидан бир неча кун ўтибгина қайта очилди.

Июль ойи бошида эса Россия суди гўёки экологик қоидабузарлик туфайли газ қувурини 30 кунга тўхтатиб туришга қарор қилди. Бироқ, бир неча кундан кейин суд ўз қарорини бекор қилди.

Шундан сўнг, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев нефтни сотиш учун Россияни четлаб ўтадиган янги йўналишлар, хусусан, денгизни кесиб ўтадиган йўналиш қуришга кўрсатма берганди.

“Транскаспий маршрути биз учун устувор вазифа бўлади. “КазМунайГаз”га ушбу маршрутни амалга ошириш бўйича мос келувчи таклиф тайёрлашни буюраман. Шунингдек, Тенгиз лойиҳасига инвесторлар жалб қилишни ҳам. Ҳукумат “Самрук–Казина” билан ҳамкорликда Атирау–Кенгқиёқ ва Кенгқиёқ–Қумкўл нефт ўтказгичларининг қувватини ошириш устида ишлаши керак”, деганди Қозоғистон президенти.

Транскаспий халқаро транспорт маршрути нефт ва бошқа маҳсулотлар ўтказишга мўлжалланган бўлиб, Хитой, Қозоғистон, Каспий акваторияси, Озарбойжон, Грузия, Туркия ва Европа давлатларидан ўтади, Россияни эса четлаб ўтади.

kun.uz