ЖССТ одамдан итга маймунчечак юққани сабабли огоҳлантириш билан чиқди

0

Францияда одамдан итга маймунчечак вирусини юқтиришнинг дунёдаги биринчи ҳолати аниқлангани ҳақида хабар берилган эди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳолат юзасидан огоҳлантирди. Бу ҳақда «NDTV» хабар берди.

Ташкилот мурожаатида маймунчечакка чалинган одамларни ҳайвонларга яқинлаштирмаслик, улар билан алоқа қилмасликни сўраган. Бунга Парижда икки эркак ва улар билан бирга яшовчи ит ўртасида маймунчечакнинг ҳайвонга юқиши ҳолати сабаб бўлган.

«Бу одамдан ҳайвонга юқиши ҳақида хабар берилган биринчи ҳолат ҳисобланади», —дейди ЖССТнинг маймунчечак бўйича техник раҳбари Розамунд Льюис.

У мутахассислар юқишнинг бундай йўли ҳақидаги назарий хавфни билгани ва соғлиқни сақлаш идоралари аллақачон беморларга «уй ҳайвонларидан изоляция қилишни» маслаҳат берганини айтган. Бундан ташқари, у уйдан ташқарида кемирувчилар ва бошқа ҳайвонларни юқтириш хавфини камайтириш учун «чиқиндиларни бошқариш жуда муҳим» эканини билдирган.

«Вируслар турлар орасида тарқалиш тўсиғидан ўтиб кетганда, улар кўпинча хавфлироқ йўналишда мутацияга учраганида хавотир уйғотади», — деган у.

Мутахассис вирус бошқа популяцияда турли муҳитга ўтиши билан, унинг ривожланиши ва мутацияга учраши эҳтимоли борлигини таъкидлаган. Асосий ташвиш уйдан ташқари ҳайвонларга тегишли ҳисобланиши келтирилган.

«Кўпроқ хавф вирус ҳайвонлар зичлиги юқори бўлган кичик сутемизувчилар популяциясига кириши ҳисобланади. Бир ҳайвондан касаллик бошқасига юқиши жараёнида вируснинг тез эволюциясини кўрасиз. Мен вирус итдан одамга қараганда тезроқ юқишини кутмайман, лекин ҳушёр бўлишимиз керак. Уй ҳайвонлари хавф туғдирмайди», — деган ЖССТнинг фавқулодда вазиятлар бўйича директори Майкл Райан.