Аёл кишининг жасади 2 кун машинада сақлангани тўғрисидаги хабарлар рад этилди

0

Ижтимоий тармоқларда Тошкентда эр аёлини ўлдириб, жасадини 2 кун машинасида сақлаб юргани ҳақидаги хабарлар тарқалган.
Ушбу хабар Бош прокуратура томонидан ўрганилди.

Аниқланишича, Тошкент шаҳри Яккасарой туманида яшаган О.Х. билан шаърий никоҳ асосида  оила қурган 35 ёшли аёл Д.Ж. тиббий ёрдам кўрсатилган бўлишига қарамасдан, 2022 йил 10 июнь куни яшаш уйида вафот этган.

Суд-тиббиёт эскпертизасининг хулосасига кўра, аёлнинг ўлимига чап тухумдон кистасининг ёрилиши оқибатида, ички қон кетиши сабаб бўлган, шунингдек, унинг танасида тан жароҳатлари мавжуд бўлмаган.

Терговга қадар текширув натижасига кўра, 2022 йил 14 июль куни жиноят процессуал қонунчилигига биноан жиноят иши қўзғатиш рад қилинган.

Мазкур қарор қонунийлиги Бош прокуратура томонидан назорат тартибида ўрганилиб, бекор қилинган ва 3 август куни комиссиявий судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган.

Ҳозирда экспертиза ўтказилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган видеотасвир жорий йил 10 июнь куни марҳуманинг мурдаси суд-тиббиёт экспертизаси текширувларидан олиниб, турмуш ўртоғи томонидан Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги яшаш жойига автомашинада олиб келинган вақтда тасвирга олинган.

Ўрганишда, эр турмуш ўртоғининг мурдасини 2 кун мобайнида автомашинасида олиб юрганлиги ҳолати ўз тасдиғини топмаган.

Текшириш ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.