Жорий йилнинг 3 сентябрь куни Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида Lacetti ва Nexia-2 автомобиллари тўқнашиши оқибатида тўрт киши вафот этди. Бу ҳақда вилоят ИИБ маълум қилди.
Қайд этилишича, Термиз – Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланаётган, 1986 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги Lacetti автомобили йўлнинг қарама-қарши йўналишида ҳаракатланаётган Nexia-2 автомашинаси билан тўқнашган. Тўқнашувга Lacetti ҳайдовчисининг бошқарувни йўқотгани сабаб бўлган.
Ҳодиса оқибатида Nexia-2 ҳайдовчиси ва 3 нафар йўловчи олган тан жароҳатлари натижасида воқеа жойида вафот этган. Яна бир йўловчи эса олган оғир тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.