Ўқувчилар овқатланиш рационининг озуқавий нисбати қандай бўлиши керак?

0

Қовоқ, карам, картошка, помидор, сабзи…  Буларнинг бари — саломатлик учун фойдали маҳсулотлар. Аммо уларни болалар қандай шаклда ва миқдорда истеъмол қилганлари маъқул? Қовурилган, қайнатилган, дудланган, димланган… Қай бир усулда пиширилган таомларни кичкинтойларга бериш мақсадга мувофиқ? Қўлланилган масаллиқлар нисбати қандай бўлиши лозим?

“Умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал таълим муассасаларида ўқувчилар овқатланишини ташкил этишнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари”да, намунавий таомномага қўйиладиган талаблар ҳам белгиланган.

– Хусусан, унда бир таомнинг миқдорий таркиби, энергетик ва озуқавий қиймати, витамин ва минерал моддалар мавжудлиги тўғрисида маълумот бўлиши лозим. Таомлар ва пазандалик маҳсулотлари мавжуд таом тайёрлаш рецептуралари тўпламига мувофиқ пиширилади.

Намунавий таомномада овқат ва пазандалик маҳсулотларининг номи таом тайёрлаш рецептуралари тўпламидаги номи билан мос келиши керак.

-Ўқувчилар учун таомнома ишлаб чиқишда таомларнинг янги тайёрланиши, совуган таомга қайта термик ишлов берилмаслиги эътиборга олинади. Намунавий таомномага бир таом ёки пишириқ маҳсулотлари бир куннинг ўзида такроран ҳамда кетма-кет 2 кун киритилмайди.

-Намунавий таомномада энергетик қийматининг мутаносиб тақсимланиши ҳисобга олиниб, алоҳида бир, икки, уч, тўрт маротаба овқатланишда калориялар санитария қоидаларига мувофиқ фоиз кўринишида берилади. Калория миқдори ҳар бир овқат учун белгиланган нормадан 5 фоизгача оралиқ фарққа йўл қўйилиши мумкин.

Кунлик овқатланиш рационининг оптимал озуқавий нисбати оқсиллар ҳисобига 10 — 15 фоиз, ёғлар ҳисобига 30 — 32 фоиз, углеводлар ҳисобига 55 — 60 фоиз, кальцийнинг фосфорга нисбати 1:1,5 тарзда бўлиши лозим.

-Ўқувчиларнинг овқатланишида парҳез тамойилига риоя қилинади. Бунда овқат тайёрлашда қайнатиш, буғлаш, димлаш, қовуриш ва тоблаш хусусиятларига эътибор берилади.

– Кунлик овқатланиш рациони таркибига гўшт, сут, сариёғ ва ўсимлик ёғи, буғдой нони (ҳар бир овқатланишда) киритилади.

– Балиқ, тухум, пишлоқ, творог, сут маҳсулотларини икки-уч кунда бир марта бериш тавсия этилади.

-Нонушта салат, иссиқ овқат ва иссиқ ичимликдан иборат бўлади. Сабзавот ва мевалар берилиши тавсия этилади.

-Тушлик таркибига салат, биринчи ва иккинчи таом (асосан гўшт, балиқ ёки парранда гўштидан тайёрланган иссиқ овқат) ва ичимлик киради.

– Салат янги узилган ёки тузланган бодринг, помидор, карам, қизил лавлаги, сабзи, қовоқ ва янги кўкатлар қўшилган ҳолда тайёрланади.

-Порцияланган сабзавотлар (қўшимча гарнир)дан ҳам фойдаланиш мумкин. Таъмни яхшилаш мақсадида салатга сархил ёки қуритилган мевалар: олма, олхўри, майиз ва ёнғоқ қўшиш мумкин.

-Иккинчи тушликда ичимлик (сут, сут маҳсулотлари, кисель, шарбат) билан бирга булочка ёки кремсиз (творогли) қандолат маҳсулотлари тавсия этилади.

-Кечки овқат сабзавотли (сутли) таом ёки бўтқа: иккинчи асосий овқат (гўшт, балиқ ёки парранда гўшти), ичимлик (чой, шарбат, кисель)ни ўз ичига олади. Қўшимча равишда мевалар ёки сут маҳсулотлари, булочка ёки кремсиз қандолат тавсия этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.