500 граммдан 1000 граммгача бўлган чақалоқларнинг яшаб қолиш кўрсаткичи сўнгги олти йилда қарийб 3 баробар ошган

0

Бир пайтлар бедаво ҳисобланган кўплаб хасталикларнинг муолажа қилиниши, туғма нуқсонларнинг саноқли дақиқалар ичида бартараф этилаётгани, танага тиғ теккизмасдан мураккаб операциялар ўтказилиши — буларнинг барчаси замонавий тиббиёт ютуқлари.

Муҳими, бугун ана шу илғор даволаш усуллари ва инновацион ёндашувлар юртимиз соғлиқни сақлаш тизимига ҳам босқичма-босқич татбиқ этилмоқда.

Қаранг, муддатидан анча илгари, 500 грамм ва ундан юқорироқ вазн билан туғилган, ҳали тана аъзолари тўлиқ шаклланиб улгурмаган чақалоқларнинг яшаб кетиш имконияти авваллари деярли 0 фоизга тенг бўлган. Энди эса ана шундай гўдаклар ҳаётини ҳам сақлаб сақлаб қолса бўлади.

— ЖССТ томонидан ишлаб чиқилган мезонларга кўра, агар бола ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасида дунёга келиб, вазни 500 грамм ва ундан ортиқ, бўйи 25 см. ва ундан зиёд бўлса, у тирик туғилган ҳисобланади, — дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова.

— Шунга қарамай, баъзи мамлакатларда мазкур мезонлар ҳануз тегишлилига кўра, 28 ҳафта, 1000 грамм, 35 см. сифатида сақланиб қолмоқда. Бизда эса ЖССТ тавсиялари — амалда. Унга мувофиқ, чақалоқ 22 ҳафтадан бошлаб туғилиб, вазни 500 грамм ва ундан ортиқ бўлса, ФҲДЁ идораларида қайд этилади.

Бунинг учун мамлакатимиздаги перинатал хизмат кўрсатувчи учинчи даражали туғуруқ муассасаларида кам вазнли, муддатдан олдин туғилган чақалоқларни даволаш ва парваришлашга доир илғор технологиялар жорий этилган.

Хўш, бу қандай натижа бермоқда?

– Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, кам вазнли — 1500 граммгача бўлган чақалоқларнинг яшаб қолиш даражаси 2015 йилда 25 фоизга тенг бўлган. 2021 йил якунларига кўра, бу кўрсаткич 80 фоизгача етди.

– Шунингдек, эрта туғилган ўта кам вазнли, яъни 500 граммдан 1000 граммгача бўлган гўдакларнинг яшаб қолиш даражаси эса 2015 йилдаги 14 фоиздан 40 фоизача ошди.

– Шу аснода бундай чақалоқлар парвариши, муолажаси ва реабилитацияси бўйича юртимизда миллий тажриба шакллантирилди.

– Шунингдек, 1000 —1500 грамм вазнда туғилган чақалоқлар ҳаётини сақлаб қолиш 50 фоиздан 75-80 фоизгача юқорилади. Ўз навбатида, гўдаклар ўлими даражаси 11,4 промилледан 9,3 промиллега тушди.

-Бу — миллий тиббиётимизда перинатал ва неонатал хизматлар сифати ва қамрови ҳамда кадрлар салоҳияти йил сайин ошиб бораётгани далолатидир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.