11 та мамлакатнинг 300 дан ортиқ спортчилари Ўзбекистонда жам бўлади

0

Яқин кунларда Ўзбекистонда 11 та мамлакатдан 300 дан ортиқ спортчилар халқаро мусобақаларда иштирок этади. 23 сентябрдан 25 сентябргача бўлиб ўтиши кутилаётган очиқ турнирда иштирок этиш учун Ўзбекистонга  Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистон терма жамоалари ташриф буюради. Уларга Малайзия, Таиланд ва Филиппинлардан спортчилар қўшилади.

Сабаби бу вақтга қадар Самарқандда енгил атлетика бўйича Марказий Осиё 4-Очиқ чемпионати бўлиб ўтади. Бу ҳақда Енгил атлетика федерацияси хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, спорт мусобақаси Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва Енгил атлетика федерацияси томонидан Марказий Осиё енгил атлетика ассоциацияси ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ кўмагида ташкиллаштирилди.

Таъкидланишича, Самарқанд шаҳридаги, югуриш йўлакчасининг янги қопламаси ва World athletics стандартларига мос равишда сертификатланган улоқтириш учун секторларига эга «Афросиёб Арена» спорт мажмуаси енгил атлетика бўйича Марказий Осиё Очиқ чемпионатини ўтказиш учун тайёрлаб қўйилди. Очиқ турнир стадион реконструкциядан кейин ўтказилаётган илк йирик тадбир бўлиб ҳисобланади.

«Спортчилар асосий югуриш йўналишларида ҳам, техник мусобақаларда ҳам – баландликка сакраш, таяниб сакраш, узунликка, уч ҳатлаб сакраш, диск, болға, отиш, найза улоқтириш бўйича қатнашади»,—дейилади Енгил атлетика федерацисининг хабарида.

Қайд этилишича, енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси деярли барча йўналишларда чиқиши белгиланган. Стадионга иштирокчилар билан биргаликда V Ислом Бирдамлик ўйинлари ғолиблари Шарифа Давронова, Анвар Анваров, Сухроб Хўжаев, Фарида Солиева, Наргиза Қўчқорова ва Роксана Худоярова куч синаш учун чиқади.

Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг учинчи кунида «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси кубоги йўналишининг «Save Aral 2022” халқаро хайрия оммавий югуриш мусобақасининг навбатдаги босқичи бўлиб ўтади. Икки мингдан ортиқ иштирокчилар Орол денгизи атрофидаги экологик муаммога жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида ўтказиладиган мусобақани қўллаб-қувватлаш учун иштирок этиши кутилади.