АҚШ Афғонистондан ўтган ҳарбий самолёт ва вертолётларни Ўзбекистон ва Тожикистонда қолдирмоқчи – Politico

0

АҚШ ҳукумати ўтган йил ёзида «Толибон»нинг ҳокимиятга келиши ортидан афғонистонлик ҳарбийлар олиб қочган 50 га яқин ҳарбий самолёт ва вертолётларни Ўзбекистон ва Тожикистонда қолдириш бўйича музокаралар олиб бормоқда, дея хабар бермоқда Politico ўз манбаларига таянган ҳолда.

«АҚШ томонидан Афғонистон ҳукуматига берилган ушбу ҳарбий техникалар тақдири бир йилдан кўпроқ вақт давомида мавҳум бўлиб қолаётган эди. «Толибон» ушбу ҳарбий самолётлар Афғонистоннинг мулки эканлигини таъкидлаб, уларни қайтариб беришни талаб қилди, аммо Ўзбекистон расмийлари ҳаво кемалари АҚШ мулки эканлигини ва қайтарилмаслигини маълум қилишди.

Афғонистон-Ўзбекистон муносабатларининг нозиклиги ҳамда Россиянинг Марказий Осиёдаги иқтисодий ва ҳарбий таъсири туфайли бу масала юзасидан омма олдида жуда кам гапирилади. Аммо парда ортида АҚШ расмийлари америкалик ҳарбийлар мавжуд бўлмаган минтақада ўз ўрнини эгаллаш учун самолётлардан таянч сифатида яширинча фойдаланишга уринмоқда», дея ёзади Politico.

Нашр манбасига кўра, АҚШ самолётларнинг парвозга яроқлилигини аниқлаш учун текширув ўтказишни режалаштирган. Шундан сўнг, Ўзбекистон ва Тожикистон чегараларини қўриқлашдаги хавфсизликни кучайтириш ва террорчиликка қарши кураш соҳасида муносабатларни чуқурлаштириш бўйича норасмий келишув доирасида ҳаво кемаларининг айримлари Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматига берилиши мумкин.

«Келишув узоқ муддатли истиқболда ўзаро разведка маълумотларини айирбошлашдан тортиб, Афғонистондаги террорчилар фаолиятини кузатиб бориш учун минтақавий плацдарм сифатида ушбу мамлакатларда қўшинлар ёки самолётларни жойлаштиришгача бўлган жиҳатларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

Байден маъмурияти буни амалга оширишга уриниб кўрган, аммо уддалай олмади. Иккала давлат ҳам Афғонистон билан чегарадош ва Яқин Шарқдаги Америка ҳарбийлари таянадиган базаларга нисбатан ушбу мамлакатга яқинроқ жойлашган. Аммо ҳозирда олиб борилаётган музокаралар Ўзбекистон ва Тожикистоннинг террорчилик тармоқлари ҳақидаги ахборотларидан фойдаланиш имконияти тўғрисидаги келишув имзоланишига қаратилган», дейилади мақолада.

Америка Мудофаа вазирлиги мансабдорининг қайд этишича, Тожикистон ҳам, Ўзбекистон ҳам ушбу ҳарбий техникаларни қўлга киритишдан манфаатдор.

Нашр маълумотларига кўра, гап 46 та ҳаво кемаси ҳақида бормоқда. Улар орасида С-208 универсал самолётлари, А-29 Super Tucano енгил ҳужумкор самолётлари (штурмовик), Мi-17, Мi-25 ва UH-60 Black Hawk вертолётлари бор. Бу афғон ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли бўлган техникаларнинг қарийб 25 фоизини ташкил этади.

Байден маъмурияти Афғонистондан қўшинлар олиб чиқиб кетилишини АҚШ армияси аксилтеррор амалиётларини ўтказиш учун «уфқда» етарли қудратга эгалигига боғлаган. Бироқ ўшандан бери Қўшма Штатлар террорчиларга қарши фақатгина бир марта ҳужум уюштирди. Жорий йилнинг июл ойида «Ал-Қоида» етакчиси Айман ал-Завоҳирий дрон миссияси ёрдамида ўлдирилди.

«Толибон» Ўзбекистон ва Тожикистондан нимани талаб қилмоқда?

2021 йилнинг 16 август куни Ўзбекистон Бош прокуратураси мамлакат ҳаво маконини 585 нафар афғон ҳарбий хизматчиси бўлган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт кесиб ўтгани тўғрисида хабар берганди. Тожикистон ҳудудига эса 18 та ҳарбий техника орқали 140−150 киши ўтган. 2021 йил сентябр ва ноябр ойларида учувчилар ва уларнинг оила аъзолари аввалига БААга, кейин АҚШга олиб кетилди. Ҳарбий техникалар эса Афғонистонга қайтарилмади.

2022 йил январ ойи бошида толиблар ҳукуматида мудофаа вазири в.б. бўлган Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид Ўзбекистон ва Тожикистондан авиатехникаларни қайтаришни талаб қилганди. «Тожикистон ёки Ўзбекистонда бўлган самолётларимиз қайтарилиши керак. Биз бу самолётлар чегараларимиздан ташқарида қолиши ёки бу мамлакатлар томонидан фойдаланилишини истамаймиз», — деганди у.

Шундан сўнг, АҚШ мудофаа вазирлиги расмийси Афғонистон армиясининг Кобулдаги ҳукумат қулаганидан кейин Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб қочиб кетилган вертолётлари толибларга берилмаслигини маълум қилди

Апрел ойи охирида Ўзбекистон президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев нима учун Ўзбекистон расмийлари самолёт ва вертолётларни толибларга қайтармаганини тушунтирганди.

«Америка овози» нашрига берган интервьюсида у афғон учувчилари аввалроқ ўз мамлакатидан Ўзбекистонга олиб қочган авиатехника АҚШга тегишли эканлигини айтди.  «АҚШ ҳукумати улар учун пул тўлаган, аввалги Афғонистон ҳукуматини молиялаштирган», деди у.

Исматулла Эргашев авиатехникалар тақдири бўйича қарор Вашингтонда қабул қилиниши кераклигини таъкидлади.

Август ойида Афғонистон томони яна Ўзбекистон ва Тожикистондан олиб қочилган вертолётларни қайтаришни сўради. Мамлакат муваққат ҳукумат мудофаа вазирлиги матбуот котиби Иноятуллоҳ Хоразмий Кобул ўғирлаб кетилган вертолётларни тез орада қабул қилиб олиши, вертолётлар афғон халқи мулки эканини маълум қилди.

Айрим афғон таҳлилчиларининг фикрича, Афғонистондаги «Толибон» ҳукумати халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмагани учун вертолётларни қайтариб олишнинг иложи йўқ.

Маълумотларга кўра, Афғонистон ҳукумати 164 та ҳарбий самолёт ва вертолётга эга бўлган, ҳозирда уларнинг 81 таси Афғонистон ихтиёрида. Қолганлари эса мамлакатдан олиб чиқиб кетилган.

«АҚШ Марказий Осиёдаги ҳарбий базалардан фойдаланмоқчи эмас»

АҚШ мудофаа вазирлиги матбуот котиби, подполковник Роб Лодвикнинг таъкидлашича, АҚШ мамлакат ҳарбий кучларининг Марказий Осиёда жойлашиши ёки доимий бўлишига ҳеч қандай кўринишда интилмаяпти.

Politico’нинг ёзишича, қисқа муддатда Россия билан яқин алоқаларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон ҳам, Тожикистон ҳам АҚШга ўз ҳудудидан база қуриш учун фойдаланишга рухсат бериши даргумон.

«Ўзбекистон 2001 йил 11 сентябрдаги терактлардан кейин АҚШ билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, Афғонистондаги операциялар учун «Қарши-Хонобод» авиабазасини 2001-2005 йилларда ижарага берган. Бироқ ушбу келишув Россия томонидан бўлган босимлар туфайли бекор қилинган. Ҳозирда Ўзбекистон «Толибон» билан яқин алоқага эга ва ўзбек жамияти Афғонистон можаросига ҳар қандай аралашувга салбий қарайди.

Шунингдек, АҚШнинг Ўзбекистонда ҳарбий база очиши ҳақидаги янги келишув ушбу мамлакат қонунчилигига ўзгартиришлар киритишни талаб қилади.

Тожикистоннинг ҳам расмий Вашингтон билан ўзаро ҳамкорлик тарихи бор. 11 сентябр терактларидан кейин Америка ҳарбий самолётларига мамлакат аэропортларидан ёнилғи олиш учун рухсат берган. Аммо кейинчалик расмий Душанбе Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо бўлди ва ўз ҳудудига Россия ҳарбий базасини жойлаштирди.

Шундай бўлса-да, Марказий Осиё давлатлари ичида Тожикистон терроризмга қарши курашда «аниқ ҳамкорлик қиладиган» мамлакатдир», дея қайд этди Politico.

Маълумот учун, АҚШ ҳарбий кучлари Афғонистондаги ҳарбий операцияларни амалга оширишда 2001–2014 йилларда Қирғизистоннинг «Манас» аэропортидан ҳамда 2001–2005 йиллар мобайнида Ўзбекистоннинг «Қарши-Хонобод» ҳарбий базасидан фойдаланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг амалдаги Ташқи сиёсий фаолият  концепциясига  кўра, мамлакат ҳудудида хорижий давлат ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўйилмайди.

kun.uz

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here