Кўмир нархи ўзгармайдии

0

“Ўзбеккўмир” АЖ томонидан 2022 йилнинг январь-август ойларида 11 миллион 400 минг метр кубр ҳажмида кон устки қисмини очиш ишлари бажарилиб, 3 миллион 251,5 минг тонна кўмир қазиб олинган.

“Ўзбеккўмир” АЖ матбуот котиби Неъмат Душаевга таяниб ЎЗА бу ҳақда маълумот берди.

– Жорий йилнинг ўтган саккиз ой давомида иссиқлик электр станцияларига 2693 минг тонна, бюджет ташкилотларига 476 минг тонна,аҳоли истеъмолчиларига 145 минг тонна, биржа савдолари орқали 208 минг тонна маҳаллий кўмир маҳсулоти етказиб берилди, – деди Н. Душаев. – Режа бўйича жорий 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсуми учун тасдиқланган режа бўйича республика бюджет ташкилотларига 518 минг тонна, республика аҳолисига 1 миллион 162,0 минг тонна кўмир етказиб бериш кўзда тутилган. Аҳоли учун мўлжалланган кўмирнинг 882 минг тоннасини маҳаллий, 280 минг тоннасини импорт ёқилғи ташкил этади.

Жорий йилнинг 20 сентябрь ҳолатига республика бюджет ташкилотларига 518 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб берилди ва бу борадаги режа тўлиқ бажарилди.

Айни кунларда “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан республика аҳоли истеъмолчиларига маҳсулот юклаш бошлаб юборилди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, аҳолига мўлжалланган маҳаллий кўмир БРЗ2 маркали бўлиб, фракцияси 25-500 мм. намлиги 35, кулчанлиги 18 фоизни ташкил этади.

Албатта, бир тонна кўмир нархи қанча, деган савол туғилиши ҳам табиий. Аҳоли истеъмолчилари учун уларнинг ижтимоий ҳимояси назарда тутилган ҳолда, ўзгаришсиз қолдирилди. Яъни “Кўмир таъминот” МЧЖ омборлари орқали аҳолига таклиф этилаётган маҳаллий кўмирнинг бир тоннаси 300 минг 300 сўмни ташкил қилади.

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсуми учун республика аҳоли истеъмолчиларига 1 миллион 162,0 минг тонна кўмир етказиб берилади. Аҳоли учун мўлжалланган кўмирнинг 882 минг тоннасини маҳаллий, 280 минг тоннасини импорт ёқилғи ташкил этади.

“Ўзбеккўмир” АЖда республика аҳолисини 31 декабрга қадар кўмир билан таъминлаш режалаштирилган. Ёқилғи “Кўмир таъминот” МЧЖ тасарруфидаги 89 та ҳудудий кўмир омбори ва 12 та шахобчаси орқали тарқатилади.

Маълумот ўрнида, “Ўзбеккўмир” АЖ кўмирни “Кўмир таъминот” МЧЖнинг кўмир омборлари манзилига юклаб жўнатишни таъминлайди ҳамда унинг сифати ва ҳажми учун жавоб беради.