“Россия фашистлар Германияси каби дунё тинчлиги учун хавфли давлат” – Латвия ТИВ

0

Путиннинг ҳарбий сафарбарлик тўғрисидаги қарори бутун дунёда реакция қўзғатмоқда.
Россия президенти Владимир Путин Украинада етти ойдан буён давом этаётган уруш билан боғлиқ қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Бу “bluff”, яъни “ёлғондакам ўйин” эмаслигини айтди.  Халққа мурожаат қилган Путин “Ғарб Россияни йўқ қилмоқчилиги ва Россия ҳимояси учун охиригача борилиши”ни маълум қилди. Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг давлат матбуотига айтишича, Путиннинг фармонига мувофиқ Украинадаги ҳарбий кампанияда иштирок этиш учун 300 минг нафар “қўшимча куч” хизматга чақирилади. Хўш, Путиннинг ушбу баёнотига бутун дунёда қандай муносабатлар билдириляпти?

Украина. Украина президенти маслаҳатчисининг айтишича, Путиннинг қисман сафарбарлик эълон қилишини олдиндан башорат қилса бўларди.

“Уруш Россия сценарийси бўйича кетмаётганлиги аниқ, бу эса Путиннинг одамларни сафарбар қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини янада чеклаш тўғрисидаги аҳмоқона қарорлар қабул қилишга ундайди”, – дейди Михайл Подоляк Reuters ахборот агентлигига. У ўзининг твиттер саҳифасига эса қисқа, аммо маъноли пост жойлади.

““Уч кунлик уруш”нинг 210 – куни. “Хунта”ни йўқ қилишни талаб қилган руслар якунда:

— Мобилизация (Ҳарбий сафарбарлик)

— Чегараларнинг ёпиқлиги, блокировка қилинган банк ҳисоблари

— Қочганлик учун қамоқхонадан жойга эга бўляпти.

Ҳалиям, ҳаммаси режа бўйича кетяптими? Ҳаётда ажойиб ҳазиллар бор-а?”

Буюк Британия. Ташқи ишлар вазири Гиллиан Киганннинг айтишича, Путиннинг таҳдидларини жиддий қабул қилиш керак. “У ҳазиллашмаяпти. Ҳарбий сафарбарлик эса Украинадаги урушнинг янада хавотирли тусга кириб бораётганлигини англатади”.

“Очиғи биз буни жиддий қабул қилишимиз керак. Чунки, кун сайин уруш назоратимиздан четга чиқиб кетяпти. Бу шубҳасиз, ҳаддан ошганлик белгиси”, – дейди Sky News нашри учун берган интервьюсида.

Америка Қўшма Штатлари. АҚШ нинг Украинадаги элчисининг фикрича, қисман сафарбарлик “заифлик” белгисидир. Бриджит Бринк твиттер саҳифасида:

“Сохта референдум ва сафарбарлик Россиянинг муваффақиятсизликлари сабаб кучсизланганидан далолатдир. Қўшма Штатлар Россиянинг аннексия қилинган ҳудудлари ҳақидаги даъвосини ҳеч қачон тан олмайди ва биз Украина билан қанча вақт керак бўлса, шунча ҳамкорликда давом этамиз”, – деб ёзди.

Германия. Вице – канцлер Роберт Хабекнинг фикрича, бу Россиянинг жуда ёмон ва нотўғри қадами… Германия буни албатта муҳокама қилади ва келгусида Россияга нисбатан қандай муносабатда бўлиш кераклиги ҳақида сиёсий маслаҳатлашув орқали бир тўхтамга келинади.

Хитой. Россия президенти Владимир Путин Ғарбни “ядровий шантаж”да айблаганидан сўнг, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги барча томонларни ўзаро маслаҳатлашув ва музокаралар ўтказиб, хавфсизлик муаммоларига тўғри ечим топишга чақирди. “Хитойнинг Украина бўйича позицияси изчил ва аниқ”, – дейди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Венбин.

Латвия. Россия билан чегарадош Европа Иттифоқи аъзоси сафарбарликдан қочган русларга бошпана бермаслигини маълум қилди. Латвия Ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевич твиттер саҳифасига қўйидаги мазмунда пост жойлади:

“Путин Украинанинг айрим қисмларини аннексия қилиш ва қисман сафарбарлик ҳақида эълон қилди. Биз унинг “шантажи”га берилмаслигимиз ва Украинани имкон қадар қўллаб-қувватлашимиз керак. Россия ўтган асрдаги фашистлар Германияси каби бутун Европа ва дунё тинчлиги учун хавфлидир”.

Алексий Навльний. Қамоққа ташланган Кремль танқидчиси суд ишларидан биридаги видео баёнотида қисман ҳарбий сафарбарлик катта фожиаларга сабаб бўлишини айтди.

“Бу катта фожиаларга, кўп сонли ўлимларга олиб келади. Путин кўплаб инсонларнинг ҳаёти эвазига ҳукмронлигини сақлаб қолишга ҳаққи йўқ. У ўз ҳокимияти учун қўшни давлатдаги инсонлар қонини тўкди. Бу ҳам етмагандай, яна кўп сонли инсонларни қурбон қилмоқчи ”, -деди у видео-ролик орқали.