Россия ваҳима тугмасини босиши билан ядро уруши бошланади – The Washington Post

0

Украина уруши жараёнларини кузатувчи таҳлилчиларнинг фаразлари ҳақиқатга айланиши мумкинми?
Россия кучлари назорати остидаги тўртта анклавдаги сепаратистлар етакчилари ва уларнинг Украинадаги ишончли вакиллари ўз ҳудудлари Россияга қўшилиши ёки қўшилмаслигини ҳал қилиш учун жумадан сешанбагача “референдумлар” ўтказилишини эълон қилишди. Ғарб томонидан Украина ва халқаро қонунлар бўйича ноқонуний ва сохта деб баҳоланаётган бу овозлар Россиянинг 2014 йилда Қримни аннексия қилиш ҳолатини ёдга соляпти.  Ундан фарқли ўлароқ, Украина Россия қўшинларини сиқиб чиқараётган бир пайтда, Кремлнинг Херсон, Донецк, Луганск ва Запорожие вилоятларидаги назорати камайиб бормоқда. Россиянинг Украина ерларини аннексия қилиши, Владимир Путиннинг охирги кучларини тўплаб, нимагадир эришмоқчилигини билдиради.

Сўнгги ҳафталардаги жанг майдонларидаги мағлубиятлар серияси Путинни янги режалар ишлаб чиқишга мажбур қилмоқда.

“Ҳудудлар аннексия қилинганидан сўнг, Москва Украинанинг ушбу ҳудудларга ҳужумини, бевосита “Россия ҳудудига бостириб кириш” сифатида баҳолаши мумкин”, – дея огоҳлантиришмоқда сиёсий таҳлилчилар. Натижада, умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилинади, ҳаттоки Украинага қарши Россия ўзининг ядро қуролини қўллаши хавфи ошади.

Россия парламенти ҳарбий сафарбарлик пайтида ёки жанговор вазиятларда содир этилган дезертирлик ва бўйсунмаслик сингари жиноятлар учун жазони кучайтирувчи қонун лойиҳаларини илгари сурмоқда. Ушбу воқеалар ривожи бизга Путиннинг келгуси қадамлари ҳақидаги айрим маълумотларни бера олади. Уруш тарафдорлари Россиянинг уруш ҳаракатларига ёрдам бериш мақсадида қаттиқроқ чоралар кўришга чақиряпти. Улар Россия томонидан босиб олинган Украина ҳудуди устидан назоратни кучайтирилиши, Кремль фойдасига эканлигига ишонишади.

“Қандай вазият бўлишидан қатъий назар, биз ғалаба қозонамиз ёки ядро уруши содир бўлади”, – деб ёзди РТ давлат тарғибот канали бош муҳаррири Маргарита Симонян. “Мен бу ерда учинчи вариантни кўрмаяпман”.

“Ғаразли референдумлар ҳеч нарсани ўзгартирмайди”. Бу эса Украина томонидан айтилаётган мухтасар муносабат. “Ҳеч қандай гибрид “мобилизация” бўлиши мумкинмас”, -дея жавоб беряпти Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба, – “Россия Украина ерларининг бир қисмини босиб олган агрессор бўлган ва тарихда ҳам шундай бўлиб қолади. Украина аскарлари ўз ерларини озод қилишга ҳақли, Россия қандай ҳаракат қилмасин, озодлик учун курашишдан тўхтамаймиз”.

Украинанинг қарши ҳужуми Харковни аннексия қилиш режаларини барбод қилди. Украинанинг давлат тарғибот воситалари аллақачон Россия томонидан босиб олинган ҳудудларда сўровнома ўтказишни бошлаб юборишган.  Бу фактлар Россия референдумининг сохталигини афкор оммага билдириш учун ишлатилиши кўзда тутилган.

Франция президенти Эммануэль Макрон БМТ Бош ассамблеясида сўзлаган нутқида Россиянинг ҳаракатларини “Империализм ва мустамлакачилик даврига қайтиш”,  деб баҳолади. “Янги империализм қуриш ҳаракатларини жимгина кузатаётганлар ва унга шерик бўлаётганлар, бунинг Учинчи жаҳон урушига сабабчи бўлишини билишлари керак”, – дейди у ўз нутқи давомида. Россия томонидан босиб олинган ҳудудларда Россияга қўшилиш бўйича режалаштирилган референдумлар халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмайди, деб айтмоқда Макрон.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Хосеп Боррел бу ҳақдаги ўз баёнотида: “Россия раҳбарияти ҳамда Украинадаги ушбу референдум, ҳамда бошқа ҳуқуқ бузилишларига алоқадор барча шахслар жавобгарликка тортилади. Россияга қарши қўшимча чекловчи чоралар тайёрланади”, – деди.

Путин айни пайтда бошқа тарафдан бериладиган катта ёрдамлардан умид қила олмаслигини яхши тушуниб етди. Ўзбекистонда бўлиб ўтган саммитда Россия етакчиси Москва билан азалдан яқин алоқаларда бўлган Хитой ва Ҳиндистон раҳбарларининг Украинадаги жанговор ҳаракатларни тўхтатиш ҳақидаги қисман босимларини ҳам ҳис қилди.

Россиялик журналист ва халқаро сиёсий эксперт Александр Баунов ўз твиттер саҳифасида:

“Бу давлатлар Путинга имкон қадар тезроқ урушни тугатиши кераклигига ишора қилишди. Шу боис, Москванинг ҳаракатлари ҳам энди урушни тезроқ тугатишга қаратилади. Агар ҳаракатлари ўз натижасини бермаса, айбни бошқаларга юклаш, жанговор ҳаракатларни эса ўз мудофааси учун амалга оширилганига кўпчиликни ишонтиришга уринади”.

Украинанинг Харковдаги ғалабасини Американинг 1777 йилда Саратогада инглизлар устидан қозонган инқилобий ғалабасига ўхшатишлар, уруш тўлқинини ўзгартириб юборди. Энди Кремлнинг қадамлари жиддий бўлиши мумкин. Украина фуқаролик ҳудудлари ва энергетика инфратузилмаларига ракета зарбалари, киберҳужумлар ва “ядровий қуролларнинг кичик кўринишлари” билан боғлиқ машқлар шулар жумласидандир.

“Ғарб Россияга бугунги кун урушларининг ёзилмаган қонунларини эслатиши керак. Ҳеч бир томон бу урушни NATO – Россия урушига айлантиришдан манфаатдор эмас”, – деб ёзган Лиана Фикс ва Майкль Киммейж «Foreign Affairs» нашрида. “Ядровий урушга ҳозирлик бу NATOнинг аралашувига олиб келади. Натижада, бутун дунё зарар кўради”.