Қашқадарёда 40 нафар фуқаро номига ажратилган кредит маблағлари талон-торож қилинди

0

Прокуратура департаментининг Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда хўжалик таъсисчиси ва банк ходими 40 нафар фуқаро номига ажратилган кредит маблағларини талон-торож қилгани маълум бўлди.

 

Қайд этилишича, ўтказилган терговга қадар текширувда «Ч.Б.» масъулияти чекланган жамияти ва «Р.Ш.» деҳқон хўжалиги таъсисчиси Ж.А. тижорат банки филиали масъул шахслари билан олдиндан тил бириктириб, 40 нафар фуқаронинг хабардорлигисиз уларнинг номига ажратилган жами 2,1 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Шу каби Шаҳрисабз туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Б.Т.» деҳқон хўжалиги раҳбари Т.Б. ҳудудий тижорат банки филиали бошқарувчиси ўринбосари О.Т. билан ўзаро тил бириктириб, балиқчиликни ривожлантириш учун ажратилган 1 миллиард сўм кредит маблағини ўзлаштирган.

Шунингдек, Яккабоғ тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса «Х.Н.» масъулияти чекланган жамияти раҳбари А.Қ. банк филиалидан ажратилган 990 миллион сўм кредит маблағини ҳамда гаров таъминотига қўйилган «Й.Е.» МЧЖга тегишли иссиқхона биносининг жами 304,3 миллион сўмлик металл қувурларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.

Департаментнинг Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «А.А.» фермер хўжалиги раҳбари А.Н. тижорат банки филиали масъул шахслари билан ўзаро тил бириктириб, форель балиқларини етиштириш учун интенсив ҳавза ташкил этиш мақсадида ажратилган 1,9 миллиард сўм кредит маблағини ўзлаштиргани аниқланган.

Шу билан бирга, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар бўлими томонидан банк филиалининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда «С.Т.» МЧЖ раҳбари Ш.Ю. ва бошқалар тижорат банки филиалидан олинган 700 миллион сўм кредит эвазига сотиб олинган полиэтилен гранулаларини сотиб юбориб, кредит маблағларини ўзлаштирган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани маълум қилинган.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here