АҚШ Россия «референдумлари»га жавоб тез ва кескин бўлишини маълум қилди

0

АҚШ ҳеч қачон Украина ҳудудини бир қисмидан бошқа нарса сифатида тан олмайди, деди 23 сентябр, жума куни АҚШ президенти Жо Байден. Россия томонидан ўзи эгаллаб турган Украина ҳудудларида – Запорижжя ва Херсон областларининг бир қисмида, шунингдек, ўзини «ДХР» ва «ЛХР» деб эълон қилган ҳудудларда уюштирилган «референдумлар»ни Байден халқаро ҳуқуқ ва БМТ низомини бузадиган аннексия учун уйдирма ва баҳона деб атади.

Унинг сўзларига кўра, БМТ низомининг асосий тамойилларини ҳурмат қиладиган ҳар қандай давлат каби АҚШ ҳам бу «референдумлар»нинг уйдирма натижаларини рад этади. Вашингтон ўз иттифоқчилари билан биргаликда Украина халқи хавфсизлигини таъминлаш, Россия агрессиясини қайтаришда қўллаб-қувватлаш ва ёрдам беришда давом этади. Бундан ташқари, АҚШ ва унинг ҳамкорлари сохта референдумлар уюштиргани учун Кремлга қарши «тез ва қаттиқ» иқтисодий чоралар кўриш учун биргаликда ҳаракат қилади, дея огоҳлантирди Оқ уй раҳбари.

БМТ Бош ассамблеясининг 77-сессиясида сўзлаган АҚШ президенти Россия президенти Владимир Путин томонидан эълон қилинган россияликларни Украинага қарши урушга сафарбар қилиш ва ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидини «масъулиятсизлик» деб атади. «Ядро урушида ғалаба қозониб бўлмайди ва у ҳеч қачон олиб борилиши керак эмас» деди Байден. У Россияга ҳеч ким таҳдид қилмаганига эътибор қаратди.

The Washington Post нашрининг ёзишича, АҚШ бир неча ойдан бери Кремлни Москва Украинада ядро қуролидан фойдаланса, бу жиддий оқибатларга олиб келиши ҳақида огоҳлантириб келади. Сентябрь ўрталарида Жо Байден CBS телеканалига берган интервьюсида Путинни бу ғоядан воз кечишга ундаган эди. Шу билан бирга, журналист АҚШ бундай қадам бўлса, қандай муносабатда бўлишини сўраганида, Байден шундай жавоб берди: «Сизнингча, нима бўлишини билганимда, сизга айтган бўлар эдимми? Албатта, буни айтмайман. Бу оқибатларга олиб келади».

Сентябрь ойи бошида Жо Байден Россияни терроризмнинг ҳомийси сифатида тан олиш имконияти ҳақидаги узоқ мунозаралардан сўнг уни бундай давлатлар рўйхатига киритмаслик тўғрисида якуний қарор қабул қилди. Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьернинг сўзларига кўра, Эрон, Куба, Шимолий Корея ва Сурияни ўз ичига олган қора рўйхатга Россия киритилиши озиқ-овқат экспорти ва Қора денгиз орқали юк ташишнинг кечикиши билан таҳдид қилади. Ўз навбатида, Россия терроризмнинг ҳомийси сифатида тан олиниши АҚШ-Россия алоқаларини батамом бузишини эълон қилди.

ТАСС