Пойтахтлик депутатлар президент берган таклифни рад этишди: Тошкент кўчаларида тезлик лимити пасайтирилмайди

0

Албатта, Тошкент шаҳрида белгиланган тезликни камайтириш пойтахтлик ЙПХ ходимларининг ўзларидан чиққан ғоя эмас. Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил феврал ойида Самарқанд шаҳрига қилган ташрифида давлатимиз раҳбари томонидан ўртада ташланган таклиф эди. (Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошчилик пойтахт кенгаши депутатлари бундан бехабар бўлишган, шекилли.)

«Яқинда Тошкентда тезлик кўпи билан 60 км/соатгача белгилангани ҳақида қарор чиқади», — деган эди ўшанда Ш.Мирзиёев

Давлат раҳбари Тошкент шаҳри ва бошқа йирик шаҳарларнинг марказий кўчаларида тезлик лимити оқилона, илмий ёндашув асосида ўрнатилиши кераклигини таъкидлаган эди. Кўчаларда ҳаракатланиш ҳайдовчилар учун ҳам, пиёдалар учун ҳам қулай бўлиши керак, — деган эди Мирзиёев.

Маълумки, аҳоли пунктларида одамлар ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг аксарият қисми белгиланган тезликни ошириш натижасида келиб чиқади.

Дунёнинг кўплаб шаҳарларида тезлик 40-50 км/соат қилиб белгиланган. Узоққа бормайлик. Ён қўшнимиз Қозоғистоннинг эски пойтахти Алмати шаҳри кўплаб кўчаларида 60 км/соат, марказий кўчаларда тезлик ҳаттоки 40 км/соат қилиб белгиланган.

Қозоғистонда иккинчи марта шаҳар кўчаларида тезликни пасайтиришга ҳозирланишмоқда. Бизда эса ҳали президент топшириғи бўлган биринчи таклифнинг ўзиёқ депутатлар томонидан рад этилмоқда.

Шу йил апрел ойида ҳукумат қарори билан тасдиқланган янги йўл ҳаракати қоидаларига кўра, аҳоли пунктларида транспорт воситалари тезлигини соатига 70 километрдан, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари атрофидаги йўлларда 300 метргача бўлган масофада 30 километрдан, турар жой даҳалари ва ёндош ҳудудларда (уй-жой бинолари орасидаги ер участкасида) эса соатига 20 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади.

Шаҳар кўчалари энг аввало пиёдаларнинг хавфсиз ва бемалол ҳаракатланишлари учун мўлжалланган бўлиши керак, деган қоида Ўзбекистонда яхши ишламаяпти.

Қолаверса, бу ҳол депутатларимиз томонидан пиёдалар манфаатини оёғости қилиб, ҳайдовчиларга қулайлик яратиш борасида босилган биринчи қадам эмас. Аввал ҳам йўлларда тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузган ҳайдовчиларга белгиланган жарималар миқдори парламент депутатлари томонидан камайтирилган эди.

Чунки депутатларимизнинг бирортаси пиёда юришмайди. Шу сабабли энг аввало ўзининг комфортини ўйлашади, деган тахминга бемалол бериш мумкин.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йил 1 январь ҳолатига республикада жисмоний шахсларга тегишли жами автомобиллар сони 3 268 470 тани ташкил этмоқда. Ҳудудлар кесимида жисмоний шахсларга тегишли енгил автомобиллар сони бўйича Тошкент шаҳри етакчилик қиляпти – 525 028 та. Яъни республика бўйича қарийб ҳар 11 кишининг 1 нафарида, Тошкент шаҳрида эса ҳар бир оилада ўртача 1 та автомобил бор.

Эслатиб ўтамиз, «2018–2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси»да шаҳарлар ва аҳоли пунктларида транспорт ҳаракатининг максимал рухсат этилган тезлигини 60 км/соатгача тушириш кўзда тутилганди, аммо якунда бу таклиф маъқулланмаган.

2020 йил баҳорида ҳам «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Ўзбекистон шаҳарлари ва аҳоли пунктларида транспорт ҳаракатининг рухсат берилган энг юқори тезлигини 70 дан 60 км/соатгача пасайтириш таклифи билан чиққанди.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист