Самарқандда 60 ёшли маҳалла раиси талаба бўлди

0

Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирининг тавсияномаси асосида Самарқанд вилоятидаги 41 нафар ўрта ва ўрта махсус маълумотли маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари давлат гранти асосида сиртқи таълим шакли бўйича олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди.

Вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармасида талаба раислар иштирокида ўтказилган тадбирда бошқарма бошлиғи уларнинг ўқиш ва меҳнат фаолиятига омад тилади.

– Амалдаги қонунчиликка кўра, маҳалла фуқаролар йиғини раиси қоида тариқасида олий маълумотли бўлиши керак, – деди Самарқанд вилояти маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи И.Жабборов. – Жорий йилда ўтказилган сайловда аҳолининг хоҳиш-истагига кўра, маҳалла ишини тўғри тушунадиган, одамлар билан ишлаш олиш кўникмаси ва тажрибасига эга 57 нафар юртдошимиз, гарчи олий маълумотли бўлмаса-да маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб сайланди. Вазиримизнинг тавсияномаси асосида улар босқичма-босқич давлат гранти асосида олий ўқув юртларида таҳсил олади. Давлатимиз раҳбари томонидан яратиб берилган бу имконият кейинги йилларда юртимизда ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини кучайтириш, тизим ходимларини қўллаб-қувватлашга бўлган жуда катта эътиборнинг самарасидир.

Жорий ўқув йилда Пахтачи туманидан 1 нафар, Нуробод, Оқдарё, Булунғур, Иштихон, Каттақўрғон туманларидан 2 нафардан, Нарпай, Пайариқ, Қўшработ ва Самарқанд туманларидан 3 нафар, Пастдарғом тумани ва Самарқанд шаҳридан 5 нафар, Ургут туманидан 8 нафар маҳалла ходимлари Гулистон давлат университетининг ижтимоий иш факультети фуқароларнинг ўзи-ўзини бошқариш органлари йўналиши бўйича ўқишга қабул қилинди. Шунингдек, улар орасида маҳалла ва нуронийликларни қўллаб-қувватлаш туман бўлимларида фаолият кўрсатаётган 2 нафар етакчи мутахассис ҳам бор.

– Маҳалламиз аҳлининг ишончи, туман ҳокимлигининг қўллаб-қувватлаши билан 25 йилдан буён маҳалла оқсоқолиман, – дейди Ургут туманидаги Шодлик маҳалласи раиси Рофе Носиров. – Афсуски, олий маълумот олиш насиб қилмаганди. Лекин тўрт нафар фарзандимни ҳам университет ва институтларда ўқитганман. Маҳалламиз ёшларининг илм олишини ҳам қўллаб-қувватлаб, рағбатлантираман. Мана энди давлатимиз берган имконият туфайли олтмиш ёшимда олий маълумотли бўлиш бахтига эришиб турибман.

uza.uz