Ижевскдаги мактабдаги отишмада ҳалок бўлганлар сони 17 кишига етди. Ижевскдаги мактабда юз берган отишмада 24 киши, жумладан, 22 бола жабрланди, дея хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.
№88 мактабда ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар ҳақидаги маълумотларни Удмуртия ҳукумати Россия Федерацияси Тергов қўмитасига таяниб берди.
Аввалроқ 13 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Вилоят Ички ишлар боқармаси матбуот хизмати ҳам ўқ узган шахснинг жасади топилгани, у ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берди.
«Ўт очган эркакнинг жасади полиция томонидан топилди. Маълумотларга кўра, у ўз жонига қасд қилган», – дейилади матбуот хизмати хабарида. Тергов қўмитаси бу маълумотни тасдиқлади.
Эркакнинг шахси аниқланган, у 34 ёшли маҳаллий фуқаро, №88 мактаб битирувчиси.
Мактаб Ижевск марказида шаҳар маъмурияти биноси ёнида жойлашган. Ҳозир бу ерда 982 нафар мактаб ўқувчиси таҳсил олмоқда, 80 нафар ўқитувчи меҳнат қилмоқда.
ТАСС хабарига кўра, Удмуртияда Ижевскдаги мактабда юз берган отишмадан сўнг, 26-29 сентябр кунлари қурбонлар хотирасига мотам эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россиянинг Ижевск шаҳридаги мактабда содир бўлган отишма оқибатида инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан Президент Владимир Путинга таъзия йўллаган эди.
Давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этиб, жароҳатланганлар тез фурсатда шифо топишини тилаган.