Сенатор хотин-қизлар ҳунармандчилик кластери фаолиятини ўрганди

0

“Наманган ҳунарманд аёллар кластери” МЧЖ 2021 йил 10 июнь куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Кластерга Рустамжон Маҳмудов раҳбарлик қилади. Кластернинг фаолият йўналиши қўлда ипак толадан гилам ва кашта тўқиш, ёдгорлик сандиқчаларини тайёрлашга қаратилган.


Кластер учун Наманган шаҳридан ер ажратилган ва тадбиркор ҳисобидан 6 қаватли ишлаб чиқариш маркази қурилмоқда. Бу бино шу йил охиригача ишга тушади.
Ўрганишда кластерга бўш турган бино ажратилмагани маълум бўлди. Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Маҳмуджон Парпиев аралашуви ва Чортоқ тумани ҳокими Анваржон Отахўжаев ёрдами билан кластернинг туман филиали учун “Гулшан” МФЙда бўш турган бино ажратилиб, ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.


Кластерга 2021 йил ноябрь-декабрь ойларида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасидан 250 млн сўм ажратилган. Ушбу маблағ табиий ипакка, акрил ипи, тикув машиналари ва МДФ маҳсулотларини тайёрлаш ускуналарига сарфланган. 2022 йил июль-август ойларида 200 млн сўмлик маҳсулот тайёрланган. Режалаштирилган иш ўринлари тўлиқ яратилмаган. Кластерга жалб қилинган ишсиз хотин-қизларнинг аксарияти (улар 30 нафарга яқин) гилам тўқиш ва кашта тикишни билади. Касб-ҳунарга ўргатиш устоз-шогирд анъанаси асосида ташкил этилмоқда.
Маҳсулотларни тайёрлаш учун кўп вақт кетади. Мисол учун, 1 та гилам 6 ойдан 1 йилгача вақт мобайнида тайёрланади. 2022-2023 йилларда режа бўйича 60 та доимий ишчи ўрни яратилиши кўзда тутилган. Бу жуда кам. 2022 йил сентябрь ойидан бошлаб савдо айланмаси бошланади. 250 млн сўм берилса, Хитойдан табиий ипак ва ип маҳсулотларини қайта ишлайдиган ускуналар олиб келиш имкони юзага келади.
Масала сенатор ташаббуси билан 2022 йил 22 сентябрь куни вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда шаҳар ва туманлар бўлимлари раҳбарлари иштирокида муҳокама қилинди. Танқидий-таҳлилий ўтган муҳокамада кластер фаолиятини йўлга қўйиш ва ҳудудлардаги ҳунарманд хотин-қизларни кластерга жалб этиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди ва масала назоратга олинди.