АҚШ элчихонаси америкаликларни зудлик билан Россияни тарк этишга чақирди

0

АҚШнинг Москвадаги элчихонаси Россиядаги ватандошларига мурожаат қилиб, зудлик билан мамлакатни тарк этишга чақирди, деб хабар бермоқда «Коммерсантъ».

Дипломатик ваколатхона маълум қилишича, Россияда эълон қилинган қисман сафарбарлик туфайли, қўш фуқароликка эга одамлар армияга чақирилиши мумкин.

«АҚШ фуқаролари Россияга бормаслиги керак, Россияда яшаётганлар ёки саёҳат қилаётган эса зудлик билан мамлакатдан кетиши керак, ҳозирча тижорат сафарлари учун чекланган имкониятлар мавжуд бўлиб турибди», — дейилади элчихона хабарида.

АҚШ элчихонаси аниқлик киритишича, идоранинг Америка фуқароларига ёрдам кўрсатиш бўйича имкониятлари жуда чекланган, «шароитлар, шу жумладан, транспорт имкониятлари эса кутилмаганда янада чекланиб қолиши мумкин».

«Агар сиз Россиядан кетмоқчи бўлсангиз, иложи борича тезроқ мустақил чоралар кўришингиз лозим», — дейилади элчихона хабарида.

Аввалроқ Эстония, Польша ва Болгария Ташқи ишлар вазирликлари ўз фуқароларидан Россия ҳудудини тарк этишни сўраб баёнотлар тарқатган эди.

Август охирида АҚШ Давлат департаменти ва Киевдаги элчихонаси Украина ҳудудида бўлиб турган Америка фуқароларини зудлик билан мамлакатни тарк этишга чақирган эди.

Йил бошидан бери АҚШ элчихонаси бир неча бор ўз фуқароларини Украинани, шунингдек, Россияни тарк этишга чақирди. Март ойи бошида эълон қилинган тавсияларида элчихона Россияда қолишнинг ишончсизлиги сабаблари қаторида Украинадаги воқеалар, ҳаво қатнови билан боғлиқ муаммолар, Россия хавфсизлик кучлари томонидан АҚШ фуқароларига ҳужум қилиш хавфи ва терактлар эҳтимолини тилга олган. Аввал, январь ойи ўрталарида АҚШ Давлат департаменти дипломатлар ва уларнинг оила аъзолари Украинадан эвакуация қилинишини эълон қилган эди.

Россияда президент Владимир Путиннинг фармони билан 21 сентябрдан қисман сафарбарлик эълон қилинди. У ўз мурожаатида, шунингдек, мамлакат ҳудудий яхлитлигига нисбатан хавф туғилган тақдирда, барча ҳимоя воситаларини қўллашга ваъда берди. АҚШ президенти Жо Байден Россиянинг хатти-ҳаракатларини «БМТ уставининг жиддий бузилиши» деб атади.