АҚШ ўз фуқароларини Россияни зудлик билан тарк этишга чақирди. Америка нимадан хавфсирамоқда?

0

«Тезроқ мустақил чоралар кўриш керак»

«АҚШ фуқароларига Россияга бориш тавсия этилмайди. У ерда яшаётган ёки Россия бўйлаб саёҳат қилаётганлар ҳозирча чекланган имкониятлар борлигида Россияни зудлик билан тарк этиши лозим», – дейилади элчихона сайтида.

21 сентябр куни Россия ҳукумати Украинага босқинни қўллаб-қувватлаш учун фуқароларни сафарбар қилишни бошлади, деб эслатади АҚШ дипломатик миссияси. Элчихона Россия икки фуқаролиги бўлган шахсларни АҚШ фуқаролигини тан олишни рад этиши, Россиядан чиқиб кетишига йўл қўймаслиги ва икки фуқароликка эга шахсларни ҳарбий хизматга чақириши мумкинлигидан хавфсирамоқда.

Ҳозирда Россиядан самолётда чиқиб кетиш имконияти чекланган, аммо автомобил ва автобусда чиқиб кетиш мумкин.

«Агар Россияни тарк этишни истасангиз, унда мустақил чоралар кўришингиз керак. АҚШ элчихонасининг АҚШ фуқароларига ёрдам бериш имконияти жиддий чекланган», – деб огоҳлантирган дипломатик миссия.

АҚШдан аввал Болгария, Полша ва Эстония ўз фуқароларини Россия ҳудудини тарк этишга чақирганди.

Америкалик дипломатлар мамлакатни транспортда тарк этиш имконияти «кутилмаганда янада чекланиши мумкинлиги»ни истисно қилишмаяпти.

Чегарада нима гап?

Россиянинг қуруқликдаги чегаралари очиқ, бироқ ўтказув пунктлари тўлиб-тошган. Чақирув ёшидаги юз минглаб эркаклар сафарбарлик ва Украинада одам ўлдириш ёки ўлишдан қочмоқда. Тирбандликлар сабабли улар Грузия ва Қозоғистон билан чегарани пиёда ёки велосипедларда кесиб ўтишга мажбур. Россиядан учиб кетиш имконияти авиачипталар сони ва визалар мавжудлиги билан чекланган.

Давлат думаси спикери Вячеслав Володин россияликлар чегарада ташлаб кетган автомобилларни «урушга кетганларнинг оилаларига бериш»ни таклиф қилди, Россия мудофаа вазирлиги эса «қисман сафарбарлик» шароитида ҳам Россия фуқароларининг ҳаракатланишига чекловлар киритиш «кўзда тутилмагани»ни билдирди. Чегарадаги назорат-ўтказув пунктларига эса сафарбар қилинадиганлар тўғрисидаги маълумотлар базаси берилган ва мамлакатдан чиқиш рад этилган ҳолатлар мавжуд.

Одамлар Грузияга ўтишга уринаётган Шимолий Осетиядаги «Верхний Ларс» назорат-ўтказув пунктида юқори даражадаги шайлик режими жорий этилди, айрим ҳолатлардан ташқари бошқа регионлардан автомобилларнинг кириши тақиқланмоқда. Республика раҳбари Сергей Меняйло чоршанба куни бу борадаги фармонни имзолади.

Кремл вакили Дмитрий Песков эса икки кун аввал Россиянинг алоҳида регионларида чегараларни ёпиш ва ҳарбий ҳолат жорий этиш бўйича ҳеч қандай қарор қабул қилинмаганини таъкидлаганди.

«Менга бу ҳақда ҳеч нарса маълум эмас. Ҳозирча ҳеч қандай қарор қабул қилинмади», – деганди у бу борадаги саволга жавобан.

«Референдум»лардан кейин нималарни кутиш мумкин?

27 сентябр куни Украинанинг қисман босиб олинган тўрт регионида Россияга қўшилиш тўғрисидаги «референдум»лар якунланди. Россия нашрлари ўз манбаларига таяниб, дарҳол аннексия жараёни бошланишини тахмин қилганди, лекин Кремль ҳозирча бу жараённи тезлаштиргани йўқ.

Сешанба куни Думадагилар парламент қуйи палатаси ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР» ҳамда Херсон ва Запорижжя областларининг бир қисмини аннексия қилиш бўйича қачон овоз бериши тўғрисидаги саволга жавоб бера олмади. Чоршанба куни Володин бу келаси ҳафтадан аввал юз бермаслигини айтди.

Аввалроқ Россия парламенти юқори палатаси раҳбарияти сенаторлар жорий ҳафтада эмас, 4 октябрда йиғилишини маълум қилганди. Сенатор Андрей Клишас аноним телеграм-каналлардан бирида жойлаштирилган «савдолашув кетаётгани» сабабли овоз бериш «ноябргача чўзилиши» ҳақидаги хабарни изоҳлашига тўғри келди.

«Ҳеч қандай савдолашув йўқ. Янги субъектларни қабул қилишда конституцион процедуралар доирасидаги ҳаракатлар кетма-кетлиги мавжуд», – деб таъкидлади Клишас.

Унинг эслатишича, аннексия қилинган ҳудудлар қўшиб олинган ҳолатда Россия Конституциясининг 65-моддасига тузатиш киритиш керак бўлади. Тузатишга Федерация кенгаши овоз беради, ундан кейин президент фармони билан тузатиш тасдиқланади.

Шу тарзда, Украина ҳудудларини аннексия қилиш процедурасига 12 кун кетиши мумкин («референдум»лар 23 сентябрда бошланган) – бу Қримни аннексия қилишга кетган вақтдан икки мартага кўп, деб ёзади «Коммерсант».

Кремлдагилар «воқеаларни жадаллаштирмасликка» қарор қилган, деб таъкидлайди «Медуза» Кремлга яқин манбаларига таяниб.

«Ҳаммаси шундоқ ҳам қўшиб олинади. Фақат шошмасдан», – деган манбалардан бири.

Уларнинг сўзларига кўра, ҳукумат сафарбарлик фонида «пиар-таъсир» «қарийб нолга тенг» бўлади деган қарорга келган.

Москва Ғарб мамлакатлари билан Украина бўйича музокара ўтказиш учун «тирқиш қолдиргани» эҳтимоли боис ҳам жараён секин бораётган бўлиши мумкин, деган «Медуза» суҳбатдошларидан бири.

Чоршанба куни Россия нашрлари ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ЛХР» ва «ДХР» раҳбарлари Москвага йўл олгани ҳақида хабар қилди. Россия Украинадаги жанговар ҳаракатларни «камида» бутун Донецк областини эгалламагунига қадар давом эттиради, деди Песков. Россия сўнгги ойларда Донбассда деярли олға силжимади, Харкив областидан чекинганидан кейин эса Путин сафарбарлик эълон қилди.