Омбудсман бошчилигида Қашқадарёдаги ёпиқ муассасалардаги шароитлар ўрганилди

0

2022 йилнинг 22-25 сентябрь кунлари Омбудсман томонидан қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида Қашқадарё вилоятидаги ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасаларга миллий превентив механизм доирасида мониторинг ташрифи амалга оширилди.

Омбудсман, унинг Котибияти ходимлари ва Омбудсманнинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили тегишли давлат идоралари масъулларидан иборат ишчи гуруҳ дастлаб 5-сон Тергов ҳибсхонасидаги шароитларни ўрганди.

500 ўринга мўлжалланган мазкур ҳибсхонада мониторинг ўтказилган кунда 497 нафар маҳбус ва 17 нафар хўжалик ишларига жалб этилган маҳкумлар сақланаётгани аниқланди. Маҳбусларнинг 17 нафари аёллардир. Аёллар сақланаётган камералар кўздан кечирилганда, тергов ҳибсхонасида яратилган шароитлар юзасидан шикоятлар келиб тушмади. Камералар радиомосламалари билан таъминланган ва иситиш тизими билан боғлиқ камчиликлар аниқланмади. Лекин, камералар кўздан кечирилганда ёқимсиз хид келаётганлиги, бу эса қабулхонада сув-оқава тизимидаги мавжуд камчиликлар натижасида вужудга келганлиги маълум бўлди.

Махбуслар билан жамоавий ва якка тартибдаги учрашувларда бир неча аёллар суд тергов жараёнлари, судларда Омбудсман вакилининг иштироки, қамоқ эҳтиёт чорасини енгилроғига алмаштириш юзасидан мурожаат қилишди. Уларнинг сўзларига кўра, ҳибсхона ходимлари махбуслар билан яхши муносабатда бўлишмоқда, оила аъзолари ва адвокатлар билан учрашувларда муаммолар йўқ ҳамда йўқловларни ҳам ўз вақтида олишмоқда.

Омбудсман вакилларидан иборат гуруҳ қисқа муддатли учрашув, телефон сўзлашув хоналари, ошхона, кутубхона ва судларда онлайн иштирок этиш имконини берувчи онлайн конференция хоналарини кўздан кечирди ва аниқланган камчиликлар бўйича тасиялар берди. Жумладан, 2977 та китоблар мавжуд бўлган кутубхонада, махбуслар томонидан энг кўп сўраладиган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси мавжуд эмас.

Тергов ҳибсхонасида маҳкум ва маҳбусларга тиббий хизмат кўрсатиш бўйича шароитлар ўрганилганда 2 та ўрин вакант экани маълум бўлди. Даволаш профилактика бўлимида кадрлар етишмовчилигига тиббиёт мутахассислари орасида ёпиқ муассасаларда ишлаш бўйича баъзи имтиёзлар бўлишига қарамай қизиқиш пастлиги сабаб бўлмоқда.

Қайд этиш лозимки, Омбудсман томонидан ёпиқ муассасаларда ишлайдиган шифокорларга қўшимча имтиёзлар бериш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Ҳибсхонада стоматолог штати ҳам мавжуд. Ҳафтада 3 маротаба стоматолог келиб ҳар қабулида 10-15 нафар маҳбусни тиббий кўрикдан ўтказиб, даволаб кетади. Лекин, мониторинг давомида стоматолог хонасининг санитария гигиена талабларига мувофиқ сақланмаётгани аниқланиб, Омбудсман томонидан баъзи тавсиялар берилди.

Мониторинг доирасида Омбудсманга мазкур ҳибсхонада сақланаётган шахсларнинг яқин қариндошларидан юборилган 20 га яқин мурожаатларда келтирилган важлар ўрганиб чиқилди ва махбуслар билан мурожаат юзасидан суҳбатлар ўтказилди.

Шу ўринда ушбу муассасада сақланаётган шахсларнинг яқин қариндошларига яратилган шароитларга ҳам тўхталамиз. Ҳибсхонада маҳкум ва маҳбусларга киритилаётган йўқловларни қабул қилиш ва кўздан кечириш жараёнлари рентген аппарати ёрдамида амалга оширилмоқда. Аҳолини куттириб қўймаслик ва вақтни тежаш мақсадида 5 ой аввал амалиётга тадбиқ қилинган мазкур қулайлик натижасида илгарилари кечгача қабул қилинган йўқловлар ҳозирда узоғи 16:00га қадар якунланмоқда. Қолаверса, фуқароларга кутиш жойлари ва фуқаролар қабули бўйича ҳам шароитлар яратилган.

Мониторинг доирасида Қашқадарё вилояти ИИБ Махсус қабулхонаси ҳам кўздан кечирилди. Ушбу муассасада маъмурий қамоққа олинганлар уч суткадан ўн беш суткагача бўлган муддатларда сақланишади.

2020 йилда фойдаланишга топширилган мазкур бинода сақланаётган шахсларга керакли шароитлар яратилган. Аёллар ва эркаклар алоҳида алоҳида камераларга жойлаштирилган. Уларга ҳар куни сайр қилиш ва бир маротаба қариндошларига телефон қилиш имконияти яратилган, кутубхона ва спорт майдончалари ҳам ташкил этилган.

Ушбу ташриф доирасида Қарши шаҳри, Косон ва Китоб туманларидаги Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, 2, 3 ва 10-сон жазони ижро этиш колониялари, 35-сон Манзил-колония, Реабилитация қилиш маркази, 1-сон Асаб-руҳий касалликлари диспансери ва шифохонаси ҳамда бошқа ёпиқ муассаларда яратилган шароитлар ҳам ўрганилди.

Аниқланган камчиликлар юзасидан уларни ўз вақтида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тавсиялари киритилади.

Омбудсман ҳузуридаги миллий превентив механизм доирасида фаолият юритувчи жамоатчилик гуруҳи томонидан республика бўйлаб ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасаларга мониторинг ташрифлари давом эттирилади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати