Индонезиядаги стадионда тартибсизликлар вақтида 120 дан ортиқ киши ҳалок бўлди (видео)

0

Индонезияда футбол ўйинида тиқилинч юзага келиши оқибатида камида 127 киши ҳалок бўлди. Полиция маълумотига кўра, яна 180 нафарга яқин киши шифохонага ётқизилган.

Фожиа Маланге шаҳридаги стадионда маҳаллий «Арема» клуби ва Шарқий Ява провинцияси маркази бўлган Сурабаянинг «Персебая» клуби ўртасидаги футбол учрашуви вақтида рўй берган.

Ўйин меҳмонларнинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган. Финал ҳуштаги чалингач «Арема»нинг минглаб мухлислари майдонга чопиб чиққан, тўқнашувлар бошланган.

 

Полиция кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган, тиқилинч юзага келган. Тиббиёт ходимлари маълумотига кўра, ўлим ҳолатларининг кўп қисми бўғилиш туфайли содир бўлган.

Тартибсизликлар стадион ташқарисида ҳам давом этган, бир қанча полиция автомобиллари ёқиб юборилган. Икки полициячи ҳалок бўлган.

Ҳукумат текширув ўтказишни бошлаган. Индонезия футбол федерацияси «Арема» клубига мавсум охирига қадар уй ўйинлари ўтказишни тақиқлаган ва шу ҳафтада ўтказилиши белгиланган барча ўйинларни кейинроққа қолдирган.