Буюк Британия ҳукуматининг мобиль телефон рақамлари интернетда тарқалди

0

Daily Mail: Буюк Британия Бош вазири Лиз Трасс ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 25 нафар аъзосининг мобиль телефон рақамлари интернетда тарқалди.
Британия Бош вазири Лиз Трасс ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 25 нафар аъзосининг шахсий мобиль телефон рақамлари интернетда пайдо бўлди, деб хабар бермоқда Daily Mail нашри. Хабарда айтилишича, Бирлашган Қироллик сиёсий элитасининг рақамларини нашрнинг хабарида номи ошкор қилинмаган, бироқ америкаликлар ташкил қилгани айтилаётган веб-сайтдан 6.49 фунт-стерлинг (7.24 АҚШ доллари) эвазига сотиб олиш мумкин.

Газетанинг қайд этишича, мазкур сайтда Бош вазир Лиз Трасс, канцлер Квази Квартенг, Мудофаа вазири Бен Уоллес, Ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли ва Ички ишлар вазири Суэлла Браверманнинг шахсий мобиль телефон рақамлари ҳамда бошқа шахсий маълумотлари келтирилган.

Шунингдек, газетада чоп этилган мақола муаллифи киберхавфсизлик бўйича экспертларнинг фикрларига таянган ҳолда, рақамларнинг тармоқда пайдо бўлишига Британиянинг юқори мартабали амалдорларининг ҳаракатларини кузатиш учун Хитой ҳамда Россия томонидан ёлланган хакер-жосуслар алоқадор бўлиши мумкин экани тўғрисида хабар бермоқда.

Нашрнинг таъкидлашича, Вазирлар Маҳкамаси мазкур ҳолат юзасидан олиб борилаётган тергов ишлари барча тафсилотларга аниқлик киритишини айтмоқда. Расмийларнинг қўшимча қилишича, рақамлар ва маълумотларнинг аксарияти аллақачон эскирган. Бироқ маҳаллий транспорт вазирлиги тарқатилган маълумотлар орасида вазирлар маҳкамасининг 26 нафар аъзоси, жумладан, Лиз Трасснинг ҳам айни пайтда мунтазам ишлаб турган телефон рақамлари бор эканини тасдиқлаган.

Шунингдек, маълум бўлишича, июнь ойида интернетда Delivery Club озиқ-овқат етказиб бериш хизмати фойдаланувчиларининг буюртмалари ҳақидаги шахсий маълумотлардан иборат иккинчи файл пайдо бўлган. Part2 деб номланган файлда Delivery Club хизмати фойдаланувчиларининг манзиллари тўғрисида 1.2 миллион қатордан иборат код ҳам пайдо бўлган.